Англия чемпионатида барчани лол қолдирган “Лестер” жамоаси ҳужумчиси Жейми Варди Англия терма жамоасида ўз эртагини бу сафар ҳам давом эттира оладими? Мутахассислар шу масала хусусида изланишмоқда.
Ҳужумдаги рақобат
"Лестер"да Жейми Варди ва Шинжо Оказаки жуфтлиги 27 учрашувда бирга ҳаракат қилган. 5та голга муаллифлик қилган Оказаки 25та ўйинда алмаштирилган. Вардига ёрдам бериш билан банд қилинган бу япониялик футболчи вақтнинг катта қисмини майдон марказида ўтказди, рақиблар ҳужумларини тўхтатиш ва ҳужумдаги биринчи пасни бериш билан шуғулланди.

Англия терма жамоаси бош мураббийи Рой Ҳожсон Нидерландия ва Португалия билан кечган ўртоқлик ўйинларида Вардини Ҳарри Кейн билан бирга қўйди. Туркия билан ўйинда эса олдинги чизиқда бу ҳужумчиларга Раҳим Стерлинг ҳам қўшилди. Ҳужумни Уэйн Руни қўллаб-қувватлаб турди.
Англия терма жамоасининг олдинги чизиғи "голга чанқоқ" футболчилардан таркиб топган. Вардини терма жамоада Оказаки каби ортдан қўллаб-қувватлаб, унинг хатоларини ёпиб турувчи футболчи керак бўлади. Саралаш ўйинлари шуни кўрсатдики, оғир вазиятларда Руни масъулиятни зиммасига олиб, ҳужумга қўшилди - у ҳамиша орқа чизиқда қола олмайди. Масалан, Словения билан ўйинда (3:2). Терма жамоада Вардини орқадан қўллаб турадиган футболчилар ўрнига у билан рақобатлашадиган футболчилар йиғилган. Руни эса терма жамоаси фахрийси ва у анча худбин. "Лестер"да эса Жейми - қирол, унинг "айтгани айтган, дегани деган" эди.

Варди терма жамоада 3та гол урди, шундан фақат биттаси, Германияга қарши ўйинда тезкор қарши ҳужумда (унинг "Лестер"даги севимли услуби - таҳр) юз берди. Қолган икки гол рақиб жарима майдончасида тўғри позиция танлаш эвазига урилган. Англияда қанотларда юқори савияли футболчилар йиғилган, улар ярим ҳимоя чизиғи билан самарали ҳамкорлик қилишади, аммо фақат қанотлардан ўйнаб бўлмайди. Кимдир бу ўринда воситачиликни зиммасига олиб, марказий ҳужумчи учун бўш ҳудуд ҳосил қилиниши учун ҳаракат қилиши керак. Буни Кейн Варди учун қиладими ёки Варди Кейн учунми? Варди жамоа натижаси биринчи ўринда туриши ҳақида гапирса, ҳеч ким ишонмайди, ҳар қандай ҳужумчи фақат гол уриш ҳақида орзу қилади.








