Brabus дунёдаги энг кучли 4 кишилик кабриолет ишлаб чиқди
Brabus тюнинг ательеси «Ле-Маннинг 24 соати» пойгасида Mercedes-AMG S 63нинг модификацияланган намунасини намойиш этди. «Брабус» вакиллари бу машинани «дунёдаги энг кучли тўрт ўриндиқли кабриолет» деб аташди.
Тюнерлар, 5,5 литрли V8 стандарт битурбомотори ҳажмини 5,9 литргача етказишнинг уддасидан чиқишган. Хусусан, коленвал, турбиналар, киритиш ва чиқариш тизимлари ўзгартирилди, бошқарув блоки қайта дастурлаштирилди. Натижада, агрегат кучи 585 от кучидан 850 от кучига етди.
7 босқичли автоматик узатмалар қутиси ёрдамида двигатель барча ғилдираклари етакчи бўлган кабриолетни 3,5 сонияда 100 кмга чиқара олади. Унга электроника ёрдамида соатига 350 км кўрсаткичда чеклов ўрнатилган. Спидометрда эса, Brabus'га оид анъанага кўра, 400 километр рақамини кўриш мумкин.
Кабриолет подвескаси, ўз навбатида, 15 ммга пасайтирилган. Бундан ташқари, Brabus мутахассислари унинг экстерьер ва интерьерига ўзгартиришлар киритишган. Хусусан, машинанинг орқа бампери карбонли элементларга эга бўлган, салони остонасида, педаль устиларида Brabus тамғаси туширилган.
Шундай қилиб, Brabus ўз мижозларига тайёр ҳолатдаги Mercedes-AMG S 63ни харид қилишни ёки стандарт S 63 кабриолетини қайта ишлашни таклиф этган бўлса-да, хизмат ҳақига ойдинлик киритмаган.
Одатда, оддий S 63 Германияда 187 минг 484 евродан бошланса, юқоридаги ўзгаришлар ва хизмат ҳақи билан унинг нархини тахмин қилиш мушкул иш эмас.