Жаҳон | 08:37 / 21.06.2016
5075
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг митингида ушланган йигит унга суиқасд қилмоқчи бўлганини тан олди

Лас-Вегасда АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампнинг митингида  полициячидан тўппонча тортиб олмоқчи бўлган ўсмир миллиардерни ўлдирмоқчи бўлганини тан олди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

19 ёшли Майкл Стивен Сэндфорд 18 июнда Лас-Вегасдаги Treasure Island меҳмонхонасида Трампни ўлдириш мақсадида полиция зобитидан тўппончани тортиб олмоқчи бўлиб, унга ҳужум қилгандан кейин ушланган.

Йигит дастлаб ўзини Трампдан дастхат олмоқчи бўлгандек тутган, бироқ сиёсатчининг ёнига яқинлашгач, ўзини тажовузкор тутишни бошлаган. 

Ушбу ҳолатни тергов қилган махфий хизмат материалларига кўра, Сэндфорд сўроқ пайтида Трампни ўлдириш мақсадида Калифорниядан Невадага атайлаб келганини айтган. Унинг айтишича, у бу суиқасдга бир йил давомида тайёрланган ва ўзининг режасини амалга ошира олишига ишонч ҳосил қилгандан кейин ҳаракат қилишга қарор қилган.

Тергов Сэндфорд британ ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлганини, АҚШда эса охирги 1,5 йилдан бери яшаётганини ўрнатган. Ўсмирнинг миллати ошкор қилинмаган.

Йигитга зўравонлик ҳаракатини содир этиш бўйича бўйича айблов эълон қилинди, у қилмиши учун Невада федерал суди олдида жавоб беради. У 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.