Футбол фанатизмининг қора томонлари
Бугунги кунда миллиардлар ўйинига айланган футбол кишилик қадриятларидан бирига ҳам айланди. Яшил майдонда кечадиган учрашувлар футбол ихлосмандларига янада кўпроқ завқ бағишлай бошлади. Мухлис севимли жамоасининг муҳим учрашувда майдонга чиққанида барчасини бир четга суриб, бутун эътиборини ўйинга қаратади.
Ҳаётдаги барча ширин ва аччиқ нарсаларнинг меъёри бўлгани сингари ғолиблик ва мағлубиятнинг ҳам, ишқибозликнинг ҳам ўз меъёри бор. Чунки ҳаёт қувонч ва ташвишлари ва ёки умумий маънода яшашнинг ўзи бу нарсалардан иборат эмас.
Футбол ихлосмандлари орасида фанатизмнинг аломатлари ҳам учраб турадики, бу “касалликка” чалинганлар ўзларини унутган ҳолда футбол жамоасига ва ёки футбол юлдузларига фанатлик қилишади. Бутун ҳаётларининг мазмуни ана шулар бўлиб қолади.
Аҳвол футбол юлдузларига сиғиниш даражасига ҳам етиб келди.
Қуйидаги суратлар ва видеоларда фанатизмнинг инсон онгини захарлайдиган нақадар кучли касаллик эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, куни-кеча Америка Кубоги доирасида ўтган Аргентина-АҚШ учрашуви вақтида Мессининг фанати майдонга тушиб келиб, унга “сажда” қилди.
Ундан олдинроқ эса Евро-2016 чемпионати доирасидаги Португалиянинг Австрияга қарши ўйинидан кейин португаллар ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг мухлиси майдонга югуриб чиқиб, футболчи билан ҳовлиққанича суратга тушишга интилиб, унинг қаршисида дағ-дағ титраганига бутун олам гувоҳ бўлган эди.