РФИ Леонид Слуцкий Россия терма жамоасини тарк этганини расман маълум қилди
Россия футбол иттифоқи Леонид Слуцкийнинг терма жамоа бош мураббийлигини тарк этганини расман тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.
"РФИ Леонид Викторович Слуцкийга у терма жамоа билан 2016 йилги Европа чемпионатига йўлланма олгани ва турнирда иштирок этиб қайтгани учун миннатдорчилик билдиради. Унга мураббийлик фаолиятида зафарлар тилаймиз", дейилган хабарда.
Слуцкий 2015 йилнинг ёзида Фабио Капелло истеъфога чиқарилгач унинг ўрнига Европа чемпионати якунигача тайинланганди. Россия терма жамоаси унинг бошчилигида Евро-2016 саралашида қаторасига 4 учрашувда ғалаба қилиб, турнирга йўлланма олди.
Францияда давом этаётган турнир гуруҳ босқичида россияликлар Англия, Словакия ва Уэльсга қарши учрашувлар ўткази, 1 дуранг ва 2 мағлубият қайд этди ҳамда турнирни тарк этди.
3-турда Уэльсга қарши ўйиндан кейин Слуцкия терма жамоадан кетиши ҳақида маълум қилганди. У терма жамоада ЦСКА бош мураббийлигидаги лавозимини сақлаб қолган ҳолда фаолият кўрсатди ва энди москваликлар жамоасидаги ишини давом эттиради.