Сенатор Стив Дэйнс Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида «Дунё» ахборот агентлигига интервю берди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда иқтисодиёт, халқаро ҳамкорлар билан муносабатлар ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди.

Дэйнснинг фикрича, ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонни янада очиқ давлатга айлантириб, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан савдо, инвестиция ва шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратди.

Сенатор Ўзбекистонни стратегик жиҳатдан муҳим мамлакат деб атади. У икки томонлама муносабатлар ва C5+1 форматидаги ҳамкорликда салмоқли натижаларга эришилганини қайд этди.

Шу билан бирга, Дэйнс Жексон–Вэник тузатишида назарда тутилган ва АҚШ ҳамда Марказий Осиё ўртасидаги эркин савдога тўсқинлик қилаётган эскирган чекловларни бекор қилишни муҳим вазифа сифатида кўрсатди.

Муҳим минераллар ва технологиялар

Сенатор Ўзбекистон муҳим минерал ресурсларга бой эканини таъкидлаб, бу йўналишдаги ҳамкорлик янги инвестицияларни жалб қилиш ва таъминот занжирларини мустаҳкамлаш учун имконият яратишини билдирди.

Дэйнс АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида илғор технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кенгайтириш зарур деб ҳисоблайди.

У сунъий интеллект, квант технологиялари, фотоника ва энергетикани устувор йўналишлар сифатида санаб ўтди. Шунингдек, Америка компаниялари ва тадқиқот институтларининг Ўзбекистон технология сектори билан алоқаларини кучайтириш илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш ва юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзаро савдо 1 миллиард доллардан ошган

Дэйнснинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард доллардан ошган. У инвестиция ва бошқа ҳамкорлик алоқалари келгусида ҳам ўсишда давом этишига ишонч билдирди.

Сенатор Ўзбекистоннинг хорижий инвестициялар ва халқаро савдо учун очилиши нафақат мамлакатнинг ўзи, балки Марказий Осиё учун ҳам аҳамиятли эканини қайд этди.

Унинг фикрича, эркин бозор тамойилларини ривожлантириш, хорижий сармояларни жалб қилиш ва халқаро савдони кенгайтириш Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини кучайтиради.