Спорт | 13:46 / 02.07.2016
12226
2 дақиқада ўқилади

Евро – 2016: Италия – Германия.Чорак финалдаги финал тахмини

Мусобақа якунигача яна иккита ўйин бўлишига қарамай, кўпчилик бугунги ўйин ғолиби Европа чемпиони бўлишини тахмин қилмоқда. 

Итальянларга қуръа ҳатто ғанимингга ҳам раво кўрмайдиган рақибларни совға қилди – Европа чемпионлари ортидан уларга жаҳон чемпионлари тўғри келганини қаранг? Воҳаланки, Антонио Конте шогирдлари гуруҳ босқичини намунали - биринчи ўринда якунлаган ва енгилроқ қуръага умид қилса бўлаверарар эди. Лекин, барчамизга маълумки, қийинчиликлар - тоблайди. Катта эҳтимол билан бугунги баҳсда ғолиб чиққан жамоага келгуси умумий ғалаба учун зўр имконият эшиги очилади.

Жамоалар ҳолати

Антонио Конте испанларга қарши ажойиб учрашув ўтказгани билан чорак финал баҳсида ўз шогирдларидан бунданда кучлироқ ўйин кўрсатишларини талаб қилиши аниқ. Аммо, мураббийда таркиб билан боғлиқ бир қатор муаммолар бор. Тьяго Мотта дисквалификацияда, Даниэле Де Росси ва Кандрева ҳам ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Бундан ташқари, итальянларнинг ўн бир ўйинчиси карточкаларда осилиб турибди ва яна қизиққонлик қилишса, ярим финални ўтказиб юборишади.

Немисларда биттадан сариқ карточка олган футболчилар сони тўрт нафар. Йоахим Лёв шогирдлари орасида жароҳат олганлар умуман йўқ. Демак, Германия термаси жанговар ҳолатда. Бугун кўпроқ мураббийлар баҳсига гувоҳ бўлсак керак.
Тахминий таркиблар

Италия: Буффон, Барцальи, Бонуччи, Кьеллини, Флоренци, Стураро, Пароло, Жаккерини,Де Шильо,Пелле, Эдер.

Германия: Нойер, Киммих, Боатенг, Хуммельс, Хёведес, Кроос, Хедира, Мюллер, Ўзил, Дракслер, Гомес.

Асосий ва қўшимча бўлимлар бўйича тахминий ҳисоб: 0:0

Германия ҳамда Италия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни кўриш имконингиз бўлмаса, Tribuna.uz сайтида олиб бориладиган матнли репортажни кузатиб боринг.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.