Кун фотоси: ойдин кеча якунланиб, файзли тонг отмоқда
Рамазон ойини минг ойдан афзал ой дейишади. Ундаги бир кеча борки, у Аллоҳ наздида жуда қадрли, муқаддас кечадир. Лайлатул-қадр. Бу кечанинг улуғлиги, файзлилиги ва гуноҳлар авф этилиб, дуолар қабул бўладиган яхшилик кечаси эканлиги ҳақида жуда кўп айтилган. Шу боис одамлар бу кечада қўлларидан келганича ибодат қилишади, истиғфор айтишади, дуода бўлишади.
Тошкентнинг Бодомзор мавзесида жойлашган “Мирза Юсуф” жоме масжидида ҳам ушбу кеча файзли ўтди. Масжид имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфутдинов, шу кеча бу ерга ташриф буюрган муфтий Усмонхон Алимов, Анвар қори Турсуновлар масжидга ташриф буюрганларга бу кечанинг файзи, қадри, мартабаси нимада эканлигини, умуман олганда, Рамазоннинг сўнгги ўн кунлиги қандай аҳамиятга молик эканлиги ҳақида сўз юритишди. Тинч юртда, обод Ватанда мана шундай гўзал, кўркам масжидларда ибодат қилинаётганининг ўзи энг улуғ неъмат эканлиги ҳам таъкидланди.