Спорт | 16:11 / 05.07.2016
7709
2 дақиқада ўқилади

«Реал» Европа Иттифоқининг қарорини тан олмаяпти

Мадриднинг «Реал» клуби Европа Иттифоқининг ўзига нисбатан чиқарган қарорини тан олмайди. Бу ҳақда жамоа расмий сайтида маълум қилинган.

Гап шундаки, «Реал» 1998 йилда маълум ҳудуддаги ер майдонини сотиб олиш учун Мадрид шаҳар бюджетидан 22,7 миллион евро олган.

Европа Иттифоқининг махсус комиссияси ўша майдоннинг ўлчамлари ва ҳудудини ҳисобга олиб, кўпи билан 4,3 миллион евро туришини аниқлаган. Шу сабаб Европа Иттифоқи «Реал»дан қолган 18,4 миллион пулни жойига қайтаришни талаб қилмоқда.

«Реал» ҳам бўш келгани йўқ. Улар дунёдаги кўчмас мулк билан ишлайдиган машҳур компания Agirre Newman билан боғланишган. Бу компаниянинг ҳисоб-китобига кўра, «Реал» ўша вақтда 7,5 миллион евро камроқ пул олган.

Мадридликлар расмий сайтининг маълум қилишича, «Реал» Европа Иттифоқининг суд бўлимига ариза билан мурожаат қилади.

Манба: Tribuna.uz