2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш ҳаракати содир этилди. Мамлакат ҳукумати бир кун ичида назоратни тўлиқ ўз ихтиёрига олишини маълум қилишга ҳам улгурди. Туркия миллий разведка ташкилоти эса, мамлакатдаги ҳарбий исён барбод бўлгани ҳақида баёнот берди. Давлат тўнтариши иштирокчилари томонидан қўлга олинган Туркия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Хулус Акар озод этилиб, ўз вазифасини бажаришга киришгани хабар қилинди. Қуйида, худди шу каби омадсизликка учраган давлат тўнтаришига уринишлар ҳақида маълумотларни ҳавола этамиз.
1. Бурундидаги давлат тўнтаришига уриниш

2015 йил 13 майида Бурунди армияси генерал-майори Годфруа Нийомбаре, давлат раҳбари Пьера Нкурунзизанинг мамлакатда йўқлигидан фойдаланиб қолишга қарор қилиб, президентнинг ҳокимиятдан четлаштирилгани ва муваққат ҳукумат ташкил этилганини эълон қилди. Генерал, ўз қарорига шарқий Африка мамлакатининг барча ҳудуди бўйлаб норозилик намойишлари ва зўравонликлар бўлаётганини асос қилиб кўрсатган эди. Одамлар, Нкурунзизанинг учинчи президентлик муддати учун ҳам лавозимини илгари суриш тўғрисидаги қароридан норозилигини шу йўл билан изҳор қилишаётган эди. Ҳукумат мухолифати, президент қарори Конституцияга зидлигини таъкидлаганди. 15 май куни Бурунди ҳарбий тўнтариши етакчиси генерал-майор Годфруа Нийомбаре, ўз тарафдорларининг таслим бўлишини эълон қилди.
2. Буркина-Фасодаги бостирилган давлат тўнтариши

2015 йил 16 сентябрида Буркина-Фасо президентлик гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари Вазирлар маҳкамаси биносини эгаллаб, мамлакатнинг муваққат президенти Мишель Кафандо ҳамда бош вазир бошчилигидаги ҳукумат аъзоларини қўлга олган эди. Бир неча кун ўтгач, исёнчилар президентни озод этиб, исёнчилар раҳбари генерал Жильбер Дьендере фуқаролардан узр ҳам сўрашгамажбур бўлди. Агар, ушбу давлат тўнтариши амалга ошганда, бу 2000 йилдан бери дунёда содир этилган 38-давлат тўнтариши бўлар эди.
3. Нигердаги амалга ошмай қолган давлат тўнтариши

2015 йил декабрида Африканинг яна бир давлати Нигерда мамлакат қуролли кучларининг 9 нафар юқори лавозимли офицери, улар томонидан режалаштирилган давлат тўнтариши амалга ошмагач, қўлга олинди. Уларнинг сирлари фош бўлишига, бир қатор офицерларнинг ҳукуматга содиқлиги ва сергаклиги сабаб эришилган.












