29 июль - Халқаро Йўлбарслар куни.
Мазкур санани нишонлаш борасидаги қарор 2010 йилда бўлиб ўтган Ер юзида йўлбарсларни сақлашга қаратилган халқаро анжуманда қабул қилинган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад жамоатчилик эътиборини йўлбарсларнинг йўқолиб кетиши ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларга қаратишдан иборат. Йўлбарслар халқаро муҳофазага олинган бўлиб, “Қизил китоб”га киритилган. 1947 йилдан бери йўлбарсларни овлаш бутунлай тақиқланган.
Proceedings of the National Academy of Sciences журналида босилган мақолада қайд қилинишича, Ҳимолай тоғларида ҳаёт кечирувчи йўлбарслар тунгги ҳайвонларга айланиб бормоқда экан. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Бенгал йўлбарслари кундуз кунлари овчи ва маҳаллий аҳоли билан тўқнаш келмаслик мақсадида тунда ҳаракат қилишни афзал кўришмоқда. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, йўлбарслар, асосан, ёввойи ҳайвонларни ов қилиб, уларнинг гўшти билан озиқланади. Айрим ҳолларда йўлбарсларнинг одамларга ҳужум қилиши билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учраб туради. Таҳлилчилар сўнгги йилларда инсоният томонидан ўрмон ва ерлар ўзлаштирилаётгани боис йўлбарслар истиқомат қиладиган ҳудудлар қисқариб бораётганини таъкидлашади. Олимларнинг чиқарган хулосаларига қараганда, яшаб қолиш мақсадида инсонлар ва йўлбарслар учун бир хил шарт-шароит керак экан. Одамлар ҳам, йўлбарслар ҳам табиий ресурслар учун ўзаро кураш олиб бормоқда.
Мичиган штатидаги Ист-Лансинг университетининг Цзяньго Лю раҳбарлигидаги бир гуруҳ зоологлари Непал ҳудудидаги Читван миллий паркида йўлбарсларнинг ҳаёт тарзини ўргандилар. Бу паркда 120 га яқин йўлбарс борлиги аниқланди.
Мичиган университети олимлари инсонлар йўлбарсларнинг яшаб қолишига ҳалақит бериши билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга қарор қилдилар. Бунинг учун Читван миллий парки ҳудудларига юзлаб видеокамералар ўрнатилди. Автоматик мослама йўлбарсларни ҳар томондан суратга олгани боис йиртқич ҳайвонларнинг ҳаётини чуқур ўрганишга имкон яратди. Олимларнинг сўзларига қараганда, инсонларнинг бармоқ излари бир-бирига мутлақо ўхшамагани боис йўлбарсларни ҳам терисининг бир бирига ўхшамаган йўлчалари орқали аниқлаш мумкин экан. Олимлар 2 йил давомида йўлбарсларнинг ҳаёт тарзини ўрганиб, улар одамлар йўқ пайтлардагина Читван миллий боғи ҳудудларида пайдо бўлишини аниқладилар. Бу эса йўлбарсларни тунгги ҳайвонларга айланиб бораётганидан далолат беради. Видеокузатувлар йўлбарсларнинг кундузги фаолиятини деярли аниқламади. Шу сабабли ҳам олимлар “Ўрмон қироллари” Читван миллий паркида ўзларини ноқулай ҳис қилмоқда”, деган фикрга келдилар.
Бугунги кунда “ҳайвонлар шоҳи” бўлмиш йўлбарслар Эрон шимоли, Афғонистон шимолий минтақалари ва Ҳиндистон ярим оролининг шимолида, Непал, Бирма, Таиланд, Ява ярим ороли, Бали оролида, шунингдек, шимолий-шарқий ва жанубий Хитойда ҳамда Корея ярим оролининг шимолида истиқомат қилмоқда.






