Спорт | 16:20 / 03.08.2016
4890
2 дақиқада ўқилади

Юрий Саркисян «Навбаҳор»ни бошқариши мумкин

Фарғонанинг «Нефтчи» клуби билан ўзбек футболида сезиларли из қолдирган, Ўзбекистон футболининг тирик афсонаси Юрий Саркисян Наманганнинг «Навбаҳор» клубида иш бошлаши мумкин. Бу ҳақда Tribuna.Uz хабар бермоқда.

Манбада айтилишича, «Навбаҳор» мураббийга таклиф билан чиққан ва Саркисян таклифни қабул қиладиган бўлса, Наманганда иш бошлаши мумкин.

Ўтган мавсум якунлангач, Фарғонанинг «Нефтчи» клуби Саркисянни жамоага қайтариши мумкин экани ҳақида айтилганди. Мураббий айни вақтда Тошкентинг «Бунёдор» жамоасида маслаҳатчи мураббий лавозимида ишлайди.

Саркисян «Нефтчи» билан 26 йилдан кўпроқ ишлаган ва беш марта Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2013 йилда «Нефтчи» Саркисянни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, мураббийнинг ўзига ҳам айтмай ишдан бўшатган эди.

Узоқ йиллар давомида «Нефтчи»ни шакллантирган мураббийга нисбатан водий жамоасининг бундай ҳурматсизлиги ўзбек мухлисларининг ғазабини келтирган эди.