Жоао Авеланж 101 ёшида оламдан ўтди
Халқаро футбол федерациялари уюшмасининг (ФИФА) собиқ президенти Жоао Авеланж 101 ёшида, Рио-де-Жанейро шаҳрида вафот этди.
Авеланж 16 август куни кириб келган паллаларда ҳаётни тарк этган. Июль ойида у зотилжам (пневмония) хасталиги ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилганди. Авеланж 2015 йилнинг ноябрида ва 2014 йилнинг июнида ҳам шифохонага тушган, аммо тезда унга жавоб берилганди.
Рио-де-Жанейро шаҳрида туғилган Авеланж 1936 йилда сузиш, 1952 йилда эса сув полоси бўйича Олимпиада ўйинларида иштирок этган.
Спортчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг у маъмурий ишларга ўтиб кетди. Авеланж 1955–1963 йилларда Бразилия Миллий олимпия қўмитаси аъзоси, 1963–2011 йилларда эса Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси бўлган.
1974 йилда британиялик Стенли Роуз ўрнини эгаллаган Жоао Авеланж ФИФАнинг еттинчи президенти бўлди. У Европа вакили бўлмаган ФИФАнинг биринчи раҳбари сифатида қайд этилди.
У 1998 йилга қадар ФИФА ташкилотини бошқарган, 90-йиллар бошидаги коррупцион можарога алоқадорлиги ҳақидаги хабарлардан кейин лавозимини тарк этганди. 2013 йилда Авеланж ФИФА фахрий президентлигидан ҳам кетганди.