Спорт | 18:11 / 21.09.2016
8670
2 дақиқада ўқилади

Евро-2020 логотипи тақдим этилди

УЕФА президенти Александр Чеферин, Англия футбол ассоциацияси раиси Грег Кларк ҳамда Лондон мэри Содиқ Хон 2020 йилги Европа чемпионатининг визуал концепциясини ҳамда мезбон шаҳарлардан бири бўлмиш Лондон шаҳри тақдим этган расмий логотипни намойиш қилди. Бу ҳақда УЕФА матбуот хизмати хабар тарқатган.

Евро-2020 брендининг асосий элементи - кўприк ҳисобланади. Бу - бирлик ва иттифоқ рамзидир. Унинг марказида Анри Делон кубоги ва хушнуд мухлислар тасвирланган. Турнир логотипида учрашувлар ўтказиладиган 13та шаҳар кўприк орқали боғланган. Логотип марказида Лондондаги машҳур Тауэр кўприги тасвирланган.

Евро-2020 турнири Европа чемпионатининг 60 йиллигида ташкил этилади. Турнир қитъадаги 13та шаҳар бўйлаб ўтказилади. Ярим финал ва финал баҳслари 2020 йилнинг июль ойида Лондондаги "Уэмбли" стадионига белгиланган.

«Евро-96 турниридан 24 йил ўтиб футбол яна ўз бешигига қайтди. Лондон ва „Уэмбли“ ташкилотчилик борасида улкан тажрибага эга экани сир эмас. Ишонаманки, мухлислар, ва меҳмонлар бу ажойиб шаҳар томон оқиб келишади. Бу шаҳарда турнирнинг охирги ҳафтаси ажойиб руҳда ўтади. Катта хурсандчилик билан биз Евро-2020 турнирини кўплаб шаҳарлар бўйлаб ўтказамизки, футбол - халқлар ўртасидаги кўприкдир ва чемпионат мухлисларни янада яқинлаштиради», — деган Чеферин.

Мавзуга оид