Спорт | 18:02 / 27.09.2016
13095
7 дақиқада ўқилади

«Император» 40 ёшда. Тоттининг футболдаги ҳаёти ҳақида 10та факт

Бугун италиялик ҳужумчи Франческо Тотти 40 ёшни қаршилади.

Футболчилик фаолиятини тўлалигича «Рома»га бағишлаган Тотти 1993 йили дебют қилганида 16 ёшда эди.

Шу вақтгача у клуб учун жами 763 учрашувда майдонга тушган ва 306та гол урган. Унинг ҳисобида Италия чемпионатида урилган 250та гол мавжуд – Тотти турнир тарихидаги иккинчи бомбардир ҳисобланади, унинг натижалари фақатгина Сильвио Пиоленикидан пастроқ.

2001 йили Тотти «Рома» билан Италия чемпионлигига эришган. У жамоа билан 2 марта мамлакат кубогида, яна 2 марта Италия Суперкубогида ғолиб чиққан.

Франческо Тотти Италия терма жамоаси билан 2006 йили жаҳон чемпиони бўлган.

Бугунги кунда бир жамоага садоқати билан барчага ўрнак бўла оладиган Тоттига оид 10та факт қуйида келтириб ўтилади.

1. Рим папаси билан учрашув

Франческо ўртаҳол оилада туғилган ва энг оддий мактаблардан бирида таҳсил олган. Лекин унинг омади келган, мактаб ўқувчилари Рим папаси Иоанн Павел II қабулига борадиган бўлган. Болалардан аксари мактабдан кетганида Тотти ўқийдиган синф қабулга олиб борилган ва понтифик «Рома»нинг бўлғуси сардори пешонасидан ўпган. Бу маросим болада катта таассурот қолдирган ва кейинчалик футболчи Иоанн Павел II эътибори унга тақдир аломати ўлароқ кўрингани ҳақида айтиб ўтган.

2. «Рома»да 21 ёшдаёқ сардорлик

 

Римликлар жамоасини Зденек Земан бошқарган даврлар, 21 ёшли Франческо эса 5 йил давомида жамоада бўлиб ўсишга эришганди. У Карло Маццоне (Роберто Баджо ва Андреа Пирлонинг севимли мураббийи) тарбиясини кўрган, Земаннинг 4-3-3 схемасида чап қанот ҳужумида ўзини эркин сезадиган футболчи эди. Тотти 1998 йилда мураббийдан сардорлик боғичини олади, аввалига бу қарор вақтинча эди, кейин эса бу бутунлайига бўлди. Футболчи бунга муносиб жавоб қайтарди: А Сериянинг 1998/99 йилги мавсумида энг яхши футболчи бўлди.

3. Жароҳат - оёқдаги пўлат пластина

 

2006 йилнинг февралида «Рома» сардори болдир суягини синдириб олди. Суякларнинг тўғри ривожланиши учун шифокорлар унинг оёғига пўлат пластина ўрнатишди. 30 ёшда бўлган Тотти бу жароҳат туфайли фаолиятини якунланиши ҳам мумкин эди, аммо у 4 ойдан кейин яна ўйнай бошлади. Маълум вақт ўтганидан кейин пластинани олиб ташлаш мумкин бўлди ва шифокорлар операция ўтказишга тайёрланишди, аммо бу учун яна вақт талаб этилар, Тотти эса футболдан айрилишни истамар эди. Натижада, Тотти … рад қилди ва оёғидаги пўлат парча билан бир умр яшашга рози бўлди. «У менга халақит бермаяпти, мен шундай давом этавераман», — деган у.

4. Паненка

Европа— 2000 турнири. Нидерландия билан ўйин. Бу ўйинни Ҳолливуд классикаларига қиёслаш мумкин. Драма. Барча ўйиндан кейинги пенальтилар сериясига тайёрланаётганида Патрик Клюйвертнинг асаблари дош бермади ва тўпни қўли билан ўйнади. Эдвин ван дер Сарни трибунадагилар қўллаб-қувватлаб, рақибга босим ўтказмоқчи бўлишди. Нуқтага эса Тотти яқинлашди… 

5. Илари Блази

 

Тотти Иларига уйланганига 15 йил бўлди. Тотти голини нишонлаётганида бош бармоғини оғзига солса, бу голини рафиқасига, шу алфозда ухлайдиган Иларига бағишлаган бўлади.

Бу жуфтликнинг 3 фарзанди бор, учинчи қиз Изабель энди 1,5 ёшда. Уларнинг муносабатларига Илари болалигидан Римнинг бошқа бир жамоаси бўлмиш «Лацио» мухлиси экани ҳам халал бермайди. Ушбу жуфтликнинг никоҳ маросими Sky Italia телеканалида трансяляция қилинган ва уни бир ярим миллиондан ортиқ киши кузатиб борган.

6. А Сериядаги 250та гол

Тотти А Серия бомбардирлари қаторида иккинчи ўринда. Оёғидаги пўлат бўлаги билан ўйнаган йилида, 31 ёшида мавсумда 26та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлганди. Ўтган якшанба кунида эса у Италия чемпионатидаги 250-голини урди.

7. Орден

 

Франческо "Республика олдидаги хизматлари" кавалер ордени билан 2000 йилдаёқ, Европа чемпионатида Нидерландия дарвозасига "паненка" услубида урган голи туфайли тақдирланганди. 1 йил ўтиб у скудеттони қўлга киритди. Лекин бу ҳали бошланиши эди. 30 ёшида у Жаҳон чемпионатига йўл олди ва уйга олтин медаль билан қайтди. Кейин у "Республикада хизмат кўрсатган офицер" бўлди.

8. Селфи

 

Голни нишонлаб, FIFA-16 фишкаларидан бирига айланиш мумкинми? Бу осон! Франческо Тотти «Лацио»га қарши ўйинларда урган голларини одатда бошқача нишонлар эди, унинг ички майкасида «Мен яна сизларни азобга қўйдим» ёзуви туширилган бўларди. У ўтган мавсумда урган навбатдаги голини майдон четида селфи олиш билан нишонлади. Арбитр эсанкираб қолди, мухлислар ақлдан озай деди, «Инстаграм»га қўйилган сурат эса 50 мингдан ортиқ лайк йиғди…

9. No Totti no party

Тотти "Олимпийский" стадионини 25 йилдан буён ҳайратларга солиб келмоқда. Унинг даврида жамоада 5 марта президент ўзгарди, 18 мураббий келиб кетди. У эса «Рома» рамзи бўлиб қолди. Бу аён. Шаҳарнинг ярми учун у нафақат клуб рамзи, балки Римнинг ҳам. Шаҳар учун Тотти муҳимми ёки папа Франциск саволига Франческо қуйидагича ҳазил билан жавоб қайтарган: «Мен анча вақтдан бери шу ердаман, у эса ҳали янги».

Ҳа, Тоттисиз «бўрилар»ни тасаввур қилиш қийин, ёки тасаввур қилиб бўлмайди.

10. Тоттида ҳаммаси жойида

 

Бошқа бир юлдуз, масалан Ромарио фаолияти якунига қадар голларини 1000тага етказиб олиш пайида бўлган ва ақлдан ташқари ҳаракатларни бошлаган. Унинг «Васко да Гама»даги шериклари унинг учун ўйнаши керак бўлиб қолган. Вазият раҳбариятдан машғулотларни ўртоқлик учрашувлари билан алмаштиришгача борган! Ромарионинг натижаси яхшиланиши учун жамоанинг натижаларигинамас, ҳатто машғулотлар қурбон қилинган.

Тотти билан эса бундаймас. У жамоа ўйинига таъсир кўрсатади. Ўтган мавсум охирида у шундай темп олдики, у бўлмаган ўйинларда жамоа ютқазар, жамоа ютқазаётган ўйинда у майдонга ташланса, ўйин қутқарилар эди.

Янги мавсумдаги 5 турда Тотти 2та гол урди ва 2 марта самарали узатма муаллифи бўлди. Жамоа бош директори уни Питер Пэн деб атади ва «Рома» сардори кексаймаслигини эътироф этиб ўтди. Сардор 40 ёшида ҳам ўйнашдан тўхтамаяпти ва жамоани олға етакламоқда. Унда ҳали барчаси жойида.

Мавзуга оид