Ўзбекистон | 00:52 / 12.10.2016
72028
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи вақтида кўплаб инфратузилма объектларини кўздан кечирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев 11 октябрда Сурхондарё вилоятига ташрифи вақтида вилоятдаги кўплаб инфратузилма объектларида бўлди. Бу ҳақда uza.uz хабар бермоқда. 
 
Шавкат Мирзиёев, жумладан, қурилиши давом этаётган «Амударё соҳили» спорт-соғломлаштириш мажмуаси объектларини ҳам кўздан кечирди. 21 гектар майдонни эгаллаган ушбу ҳудудда 50 дан зиёд объект қурилади. Жумладан, 200 ўринга мўлжалланган ва йил давомида фаолият кўрсатадиган болалар соғломлаштириш маскани бунёд этилади. Мажмуа таркибидан очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, спорт иншоотлари, турли тўгараклар учун жойлар, аттракционлар, сайилгоҳлар ўрин олади.

Шавкат Мирзиёев Термиз туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган янги «Gold dried fruits export» масъулияти чекланган жамияти корхонасида ҳам бўлди. Бу корхонани ташкил этишга 25 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. Мева-сабзавотлар сақлаш, қуритиш, музлатиш ва қадоқлашга мўлжалланган мазкур корхона Хитой, Бельгия, Туркия ва Италияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 350 киши меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари халқимизга етказиб берилади, шу билан бирга, Россия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинади.

Корхонанинг «Gold agro fresh» агрофирмаси кўчатлар парвариш қиладиган иссиқхона хўжалигига ва интенсив боғларига эга.

Мазкур корхоналар фаолияти билан танишиш давомида ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қайта ишланган мева-сабзавотларни экспорт қилишни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бу ерда вилоятдаги фермер, деҳқон ва ёрдамчи хўжаликларда мева-сабзавотлар етиштиришни кўпайтириш, уларни молиявий ресурслар ва сифатли уруғлик билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Исо ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Мусулмон оламида олти буюк муҳаддисдан бири сифатида машҳур бўлган улуғ аждодимизнинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам кенг ўрганилаётгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида йирик цемент заводи қурилишини бориб кўрди. Қиймати 212,8 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида бу ерда йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади. 

Шу ернинг ўзида вилоят марказида қурилиши режалаштирилаётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи лойиҳаси муҳокама қилинди. Бундай корхоналарни барча шаҳар ва туманларда барпо этиш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят фаоллари билан учрашув Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш билан бошланди.

Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, истиқболли янги саноат объектларини барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлардан мисоллар келтириб, мутасаддиларга ушбу масалаларни вақтида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Йиғилишда уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, вилоят саноати ва иқтисодиётининг бошқа соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш, пахта ҳосилини қисқа муддатда йиғиштириб олиш, кузги экинларни экиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзуга оид