Таиланд ҳукумати дунёнинг 93 мамлакати, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни 15 сентябрдан расман бекор қилгани ҳақида хабар қилинганди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам Қироллик ҳукуматининг қарорига кўра, жорий йил 15 сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатга киришдаги визасиз тартиб бекор қилинмоқда.
Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари Таиландга бориш учун олдиндан Қиролликнинг расмий электрон виза портали (https://www.thaievisa.go.th) орқали электрон виза анкетасини тўлдирган ҳолда кириш визасини расмийлаштиришлари лозим.
Электрон виза анкетасини тўлдиргандан сўнг, фуқаро виза учун тўловни — Таиланднинг Москва шаҳрида жойлашган элчихонасига ташриф буюрган ҳолда амалга ошириши лозим.
Вазирлик матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақтда Таиланд томони билан «тўлов жойини ўзгартириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда». Тўлов онлайн бўлиши ёки Таиланднинг Ўзбекистонга яқинроқ давлатлардаги (масалан қўшни Қозоғистон) ваколатхоналари орқали амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
«Фуқароларимиз учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида барча зарур ишларни амалга оширяпмиз», деди Омонулла Файзиев.
Таиландга киришда нималар ўзгаряпти?
Жорий йил 15 сентябрдан бошлаб Таиланд 93 та давлат учун ягона 60 кунлик визасиз режим ўрнига бир нечта алоҳида тоифани жорий этади:
30 кунлик визасиз кириш — 60 та мамлакат ва ҳудуд, жумладан, Европанинг аксарият давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Хитой, Япония, Россия ва Исроил фуқаролари учун;
15 кунлик визасиз кириш — икки давлат (Сейшел ороллари ва Маврики) фуқаролари учун;
Таиландга борганда олинадиган виза (Visa on Arrival) — фақат уч давлат: Озарбайжон, Беларусь ва Сербия учун сақлаб қолинди.







