Ўзбекистон | 17:37 / 15.10.2016
17529
2 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» партиясидан Ўзбекистон Президентлигига Сарвар Отамуратов номзоди тасдиқланди

Фото: mt.uz

Тошкентда 15 октябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг навбатдаги съезди бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Унда партия Уставига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари конференцияларида сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирок этди.

Съездда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига партия номзодини илгари суриш масаласи кўриб чиқилди.

Делегатлар партия Марказий кенгаши VII пленумида тавсия этилган номзод — кенгаш раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Сарвар Садуллаевич Отамуратовни Ўзбекистон Президентлигига номзод этиб тасдиқлади.

Номзод делегатларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Делегатлар мазкур дастур юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, съездда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сайлов кампаниясини юқори ташкилий даражада ўтказиш юзасидан қатор вазифалар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача ЎзХДПдан Ҳотамжон Кетмонов, «Адолат» СДПдан Наримон Умаров Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида илгари сурилган эди.

Мавзуга оид