Энг кичкина сенсорли телефон ишлаб чиқарилди
Хитойнинг V-Phone компанияси Vphone S8 миниатюр қурилмасини ишлаб чиқариб, смартфонлар ва тақилувчи электроника ишлаб чиқарувчилари орасида ажралиб туришга қарор қилди.
Янгиликни "дунёдаги энг кичик сенсор экранли телефон" сифатида кўришмоқда, аммо унинг функцияларига кўра қурилмани овозли қўнғироқларни амалга ошира оладиган смарт-соатлар синфига жойлаштириш мумкин.
Vphone S8 46.7x37.3x9.9 мм ўлчамига эга ва унинг оғирлиги 30 граммни ташкил этади. 1.54-дюймли сенсор дисплей четлари қайрилган 2.5 D-ҳимоя шишаси билан қопланган. Алюмин корпуснинг ичида MediaTek MT2502 процессори, 64 МБ оператив ва 128 ГБ доимий хотира, Bluetooth 4.0 симсиз модули, юрак уриш ва ёруғлик датчиги, қадам ўлчагич, 3.5 мм ва micro-USB разъемлари, FM-радио ва 380 мАс ҳажмли аккумулятор ўрнатилган. Шунингдек, қурилмада бир дона sim-карта учун слот бўлиб, 850/900/1800/1900 МГц GSM-частоталарида ишлай олади.
Vphone S8 Android-смартфон ёки iPhone нинг ёрдамчиси сифатида ишлай олиб, ўз экранида келаётган маълумотни, хабарларни, эслатмаларни ва қўнғироқларни кўрсатиб туради. Бу эса фойдаланувчилар ўз телефонларини текшириш учун чўнтаклари ёки сумкаларидан ҳар сафар олишлари олдини олади. Лекин қурилмани қандай тақиб юриш ноаниқ. Унинг корпусида брелок ёки қўл гаджети сифатида олиб юриш учун махсус ўрнатмалар йўқ.
Янги қурилма қора ва кулрангларда 30 долларлик нарх билан сотувга чиқарилади. Сотув куни ҳақида хабар берилмаяпти.