Шу кунларда мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда. Барча ҳудудларда Ўзбекистон ХДПдан Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов ва унинг ишончли вакиллари томонидан  сайловчилар билан учрашувлар юқори савияда ўтказилмоқда.

Жумладан, бугунги кунга қадар Хатамжон Кетмонов 11 марта учрашув ўтказди. Уларда 30 мингга яқин сайловчи иштирок этди. Номзоднинг ишончли вакиллари томонидан эса 30дан ортиқ учрашув ташкил қилиниб, уларда 5 мингга яқин сайловчи қамраб олинди. Ўтказилаётган учрашувлар Марказий Кенгаш Сайлов Штаби томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Хусусан, ҳар бир минтақада бўлиб ўтган учрашувдаги маърузаларнинг сайловчилар томонидан энг кўп муҳокама қилинаётган қисмлари умумлаштирилмоқда.

Сайловчилар сайловолди учрашувларида дастурда белгиланган  барча йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, Жиззах вилоятида бўлиб ўтган учрашувда иштирок этган Жиззах шаҳар 2-оилавий поликлиникаси мудири Қаршигул Ҳайдарова ўз маърузасида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

-Мана ҳозир барчамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Абдураҳмонович Кетмоновнинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб ўтдик. Унда, қатор долзарб вазифалар билан биргаликда, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари ҳам алоҳида ўрин берилганлигини гувоҳи бўлдик.
Мен, шифокор сифатида, аввало, номзоднинг дастурида илгари сурилаётган аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масалаларига эътибор қаратишларингизни хоҳлардим.   Номзод томонидан,  аҳолининг, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назорат самарадорлигини ошириш юзасидан илгари сурилаётган таклифини жуда ўринли деб биламан. 

Сабаби, биринчи тиббий ёрдамдан барча қулай ва тезкор фойдаланиши, кам даромадли одамлар учун ҳам унинг мақбуллигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, одамларнинг тиббий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш бугунги кунинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Хатамжон Абдураҳмонович Кетмоновнинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар ҳозирги кунда жуда долзарб ҳисобланиб, уларни хаётга татбиқ қилиш орқали биз тиббиёт соҳасини янги босқичга олиб чиқишга ҳамда Ватанимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз деб ўйлайман.