Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси 24 ноябрь куни эълон қилинган оралиқ ҳисоботида номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказишдаги фаоллигини қайд этган. Шу билан биргаликда сайловолди кампанияси жараёнида номзодлар иштирокида сиёсий дебатлар ўтказилмаганига эътибор қаратилган.

Ҳисобот жорий йилнинг 2 ноябридан 20 ноябригача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш якунлари бўйича тайёрланган.

«2015 йилнинг мартидаги президентлик сайлови якунларига кўра, шу йилнинг декабрида «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларда сиёсий дебатлар ўтказилиши назарда тутилган бўлишига қарамасдан, ҳозирча дебатлар бўлмади», дейилган ҳисоботда.

Миссия маълумотларига кўра, барча номзодлар ҳукуматни ёки бир-бирини танқид қилишдан тийилмоқда. Уларнинг ҳар бири сайловчиларнинг алоҳида табақалари овозига эга бўлишни кўзлагани қайд этилган.

Шу билан бирга миссия президентликка номзод бўлмишларнинг бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар билан кўпдан-кўп учрашувлар ўтказаётганини алоҳида қайд этган.

«Ҳокимият ўтказилиши изчиллик ва барқарорлик шароитларида амалга оширилмоқда. Жамиятда бунга ишонч кучлидир», дейилган оралиқ ҳисоботда.

Ҳисоботда сайлов комиссияларини шакллантиришнинг демократик тартиби таърифланган. Сайлов комиссиялари ҳокимиятнинг ижро этувчи тармоғининг иштирокисиз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таклифлари асосида жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари томонидан шакллантирилади.

«Сайловчиларни хабардор қилиш бўйича комплекс ва интенсив кампания» ДИИҲБ экспертларининг диққат-эътиборини ўзига қаратган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов амалиётида биринчи марта Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш дастури қабул қилинганлиги таъкидланди. Ушбу дастурда бировнинг ўрнига ҳам овоз бериш каби ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар алоҳида ўрин эгаллайди. Дастурни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда. Ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида теледастурлар тайёрлаш ва сурдотаржимаси билан бирга эфирга узатиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилган.