10:30 / 04.12.2016
20651

Президентликка номзодларнинг барчаси сайловда овоз бериб бўлди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 4 декабрь куни соат 10:00да овоз бериш учун Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 584-сайлов участкасига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Номзод сайлов участкасига келгунига қадар №5 мактабда жойлашган бу сайлов участкасида 411 киши (сайлов участкасида рўйхатга олинганларнинг 15 фоизи) ўз танловларини амалга ошириб бўлганди.

Овоз бериш жараёни ХХР ва Россиядан келган халқаро кузатувчилар ҳамда маҳаллий кузатувчилар шоҳидлигида ўтказилмоқда.

Сайловда 21,4 миллион сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга. Овоз бериш эрталаб соат 6.00да бошланди ва соат 20.00гача давом этади. Сайловчиларнинг 33 фоизи овоз берганида сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади. Сайлов натижалари душанба куни эрталаб эълон қилиниши режалаштирилган.

Top