Ўзбекистон | 14:49 / 05.12.2016
29372
3 дақиқада ўқилади

Улуғбек ҳаёт бўлганда Ўзбекистон Ойга чиққан биринчи мамлакат бўларди!

Фото: Kun.uz

Бугун, 5 декабрь куни матбуот марказида Буюк Британиянинг Консерватив партияси парламенти лорди Муҳаммад Илтаф Шайх Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президентлик сайловларига ўз муносабатини билдирди. 

Лорд сайловга тайёргарлик ва унинг ўтказилиш жараёни, шунингдек Ўзбекистоннинг етакчи арбоблари ҳамда ўзбек халқи билан яқиндан танишганини таъкидлади. Сайловларнинг халқаро ва Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ўтказилганлигини тасдиқлади. Шу билан бирга у деярли 90 фоиз аҳолининг сайловлардаги иштирокини жуда юқори баҳолади. 

Бундан ташқари, Муҳаммад Илтаф Шайх сайловчиларнинг ўз хоҳишларига кўра яхши кайфиятда ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида қатнашганларини қайд этди. Буюк Британия Консерватив партияси парламенти лорди бу борада баъзи одамлар билан гаплашгани ҳамда уларга нима учун сайловга келганликлари ҳақида савол берганлигини айтди. Улар мамлакат келажагига бефарқ бўлмагани учун бу сайловларда овоз бериш имкониятидан фойдаланиб, ўз номзодини қўллаб-қувватлашга келганликларини эшитиб, бундан ижобий таассурот олганини таъкидлади. 

Муҳаммад Илтаф Шайх сайлов жараёнидаги ташкилотчиликнинг юқори савияда эканлигига урғу берди. Шунингдек у сайлов участкаларидаги қўшимча хоналарга алоҳида тўхталди. 

“Ҳеч ким эътибордан четда қолмаган – болалар, оналар, кексалар, ногиронлар – барчаси учун шароит яратилган. Мен буни бирор бошқа давлатда кўрмаганман”, - деди лорд. 

Бундан ташқари, у ўзбек халқининг Биринчи Президенти И.А.Каримовга бўлган меҳр-муҳаббатини ҳис қилганини айтиб ўтди. 

Муҳаммад Илтаф Шайх Ўзбекистоннинг ёш демократик давлат эканлигига урғу берди ва ҳар бир давлатнинг ўзига хос бўлган демократик йўлдан боришини таъкидлади. 

Лорднинг сўзларидан унинг ўзбек халқи тарихи, бой маданий меросига бефарқ эмаслигини англашингиз муқаррар. 

“Сиз – бой тарихга эга мамлакатсиз. Ал-Форобий, Амир Темур, Улуғбек, томиримда қони оқаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек улуғ алломалари бўлган юртнинг келажаги буюк бўлиши шубҳасиз”, - деди у. Шунингдек у Ўзбекистон дунёга Имом Бухорийдек буюк шахсни берганига тўхталди ҳамда бирор бир масалада ўйланиб қолганда унинг ҳадисларига мурожаат қилишини таъкидлади. Бундан ташқари, Амир Темур шахсига жуда қизиқишига алоҳида урғу берди. Буни у ерга ташриф буюриш сабабларидан бири деб ҳам атади. 

“Улуғбек ҳаёт бўлганда сизлар Ойга чиққан биринчи юрт вакиллари бўлган бўлардингиз”, - деди британиялик лорд.

Мавзуга оид