Ўзбекистон республикасининг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда маъруза қилди.
Президент ўз маърузасида асосий мақсад “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратиш ҳисобланишини айтиб ўтган. У шунингдек, ҳокимлар бевосита халқ томонидан сайланишини жорий этиш масаласи кўриб чиқилишини айтган.
Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда.
Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.
Яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида мен бир нарсага амин бўлдим. Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди.
Ҳозирги вақтда одамлар давлат идораларидан нимани истаяпти? Бу ҳақда гапирганда, эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман.
Хабарингиз бор, шу йил 25 сентябрда Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда ушбу қабулхонага фуқароларимиздан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг қарийб 59 фоизи ечимини топган бўлса, 41 фоизи кўриб чиқилмокда.
Очиқ айтишим керак, бу мурожаатлар таҳлилидан кўп нарса аён бўлди. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткир муаммоларга кўзимизни очиб берди.
Мана, одамлар нималар ҳақида мурожаат қилмоқда. Аввало, улар турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолимиздан уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминотини, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Кўриб турибсизки, азиз дўстлар, бу талабларнинг барчаси қонуний ва адолатли. Бу борада ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
Лекин шу ўринда бир савол туғилади: мана шу мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммоларни жойлардаги ҳокимлик ва идоралар, тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этиши зарур эмасмиди? Ҳолбуки, бу масалада алоҳида қонун, яъни, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Лекин, минг афсуски, бу қонуннинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.














