Спорт | 10:15 / 18.12.2016
4860
2 дақиқада ўқилади

Поветкин допинг сабабли боксчилик фаолиятини якунлаши мумкин

Россиялик боксчи Александр Поветкин манфаатларини билдирувчи "Мир бокса" промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский таниқли боксчи ўз фаолиятини якунлаши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

"Допинг билан боғлиқ вазият унинг фаолияти якунланишига олиб келиши мумкин. Агар у четлатилса, унда шундай бўлади. Шуни аниқ айтишим мумкинки, у допингни атайлаб қабул қилмаган, бунда жамоа айби бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, шифокор таркибида бу тақиқланган модда бўлган дори воситасини берган бўлиши мумкин. Биз ўз терговимизни ўтказамиз. Исталган ҳолатда, мен бўлган воқеа учун узр сўрамоқчиман", деб айтган Рябинский.

17 декабрда Поветкин Екатеринбургда канадалик Бермейн Стивернга қарши WBCнинг вақтинчалик чемпионлик камари учун жанг ўтказиши керак эди, бироқ унинг допинг-намунаси ижобий чиққани сабабли канадалик жанг ўтказишдан бош тортган. Бироқ россиялик боксчи барибир рингга чиқиб, Стиверннинг ўрнига тушган француз Йоан Дюопни 6-раундда нокаут билан ютган. Бироқ бу жангда ҳеч қандай унвон ўйналмаган. 

Поветкиннинг допинг-намунасида тақиқланган анаболик стероид – остарин аниқланган. Поветкиннинг жазоланиши мумкинлиги ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Мавзуга оид