Турмуш қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон фарзанд никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлиши шартдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деганлар. Зеро, шариатимиздаги никоҳ-талоқ масалалари ҳам алоҳида бир илмларнинг мажмуасидир.

«ТАЛОҚ» сўзи луғатда бўшатиш, қўйиш деган маъноларни, шаръий истилоҳда эса эр-хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади. Ислом шариати таълимотида гарчи баъзи ҳолатларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлса-да, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ беришни Аллоҳ ёқтирмаслиги айтилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизи талоқдир», деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари).

Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб, пароканда бўлишини хоҳламайди. Шунинг учун Қуръони каримда ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани бузмасликка буюриб:

«Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки), балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин», деган (Нисо сураси, 19-оят).

«Талоқ» сўзи тилга олинган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши ҳақида ҳам ҳадиси шарифда айтилган.

«Талоқ» сўзининг маъносини тушунмай, ҳуда-беҳудага айтавериш гуноҳ саналиши билан бирга, бундай талоқ шариатда эътиборга олинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий; талоқ, никоҳ ва итоқ (яъни қул озод қилиш)», деганлар. Мазкур ҳадиснинг мазмунига қараганда, талоқ масаласида ҳазил қилиш ярамайди. Айниқса ёшларимиз шуни яхши билсинларки, ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳам шариатда эътиборга олинади.

Маълумки, эркак киши аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳли чиққанда ўзини тута оладиган бўлгани боис, талоқ бериш ҳуқуқи эрга берилган. Қуръони каримда бунга: «...