Кейинги йилларда Хитой чемпионати вакиллари шов-шувли трансферларни амалга оширишда фаол бўлмоқда. Бугун ҳам "Краснодар" ўзбекистонлик ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг "Шанхай СИПГ" клубига трансфер қилингани ҳақида расман эълон қилди. Норасмий манбаларга кўра, ушбу трансфер қиймати 8 млн еврони ташкил қилди.
29 ёшли бу футболчи "Зенит"нинг собиқ ҳужумчиси Халк ("Шанхай СИПГ"га 2016 йил ёзида ўтган) ва "Челси"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Оскар (23 декабрь куни) билан жамоадош бўлди. Шанхайликлар жамоасини айни вақтда португалиялик мутахассис Андре Виллаш-Боаш бошқармоқда.
Қуйида Хитой чемпионатидаги энг кўп маошларни олувчи футболчилар санаб ўтилган.
Оскар ("Шанхай СИПГ")

Бразилиялик бу футболчи трансфери учун хитойликлар 71 млн евро сарфлади. Унинг йиллик маоши миқдори эса 18,5-21,5 млн евро.
Халк ("Шанхай СИПГ")

Бу ҳужумчи 2016 йилнинг ёзида 55 млн евро эвазига Хитой жамоасига келиб қўшилганди. Турли манбаларга кўра, унинг йиллик маоши миқдори 40 млн евро.
Алекс Тейшейра ("Цзянсу Сунин")

Яна бир бразилиялик. У Донецкнинг "Шахтёр" жамоасидан 50 млн еврога харид қилинган. Унга йилига 10 млн евро миқдоридаги маош тайинланган.
Жексон Мартинес ("Гуанчжоу Эвергранд")

Колумбиялик бу футболчи 2016 йилнинг февралида "Атлетико"ни пулларга алмашган. Унинг учун собиқ жамоасига 42 млн евро тўланди. Ўзига 12,5 млн евро миқдорида йиллик маош.













