Йўл-транспорт ҳодисасида оёғи синган Азиза ҳали тўлиқ соғаймаган. Шифокорлар унга юришни чеклашни буюрган, аммо фарзандларини боқиш зарурати бунга имкон бермайди. Курерлик қилиб рўзғор тебратаётган аёл буюртмачилардан бир нарсани — буюртмаларини пастга тушиб қабул қилиб олишни сўрайди.

Унинг ҳаёти эса оддий курерлик машаққатларидан анча оғирроқ.

Кўчаларда шошилиб юрган, елкасида буюртма қутисини кўтариб, эшикма-эшик овқат етказиб бераётган курерларни ҳар куни учратамиз. Биз учун улар буюртмамизни ўз вақтида етказиши керак бўлган хизмат кўрсатувчи инсонлар. Аммо уларнинг ҳар бири ортида қандай тақдир, қандай дард ва қандай орзулар яширинганини билмаймиз.

30 ёшли Азиза Аҳмадова ҳам шундай инсонлардан бири.

Унинг оёғи авария оқибатида қаттиқ шикастланган. Бир неча марта операция қилинган, ҳали ҳам бемалол юра олмайди. Шундай бўлса-да, у ишлашга, фарзандларини боқишга ҳаракат қиляпти. Азиза учун бугунги ҳар бир буюртма — рўзғорига оз бўлса-да даромад, фарзандларининг дастурхонига насиба.

Аммо унинг ҳаётидаги энг оғир жароҳат оёғида эмас, қалбида.

Болаликдаги танлов ва бир умрлик армон

Азиза 1996 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. У 10 ёшга тўлганида ота-онаси ажрашади. Судда ким билан қолиши сўралганда, у отасини танлайди.

«Дадамнинг яхши гапларига учиб, "қизим, қизим" деб яхши гапирганларига мен дадам билан қоламан деб судда дадамда қолганман», — дея эслайди у.

Аммо бу танловдан кейин уни оғир кунлар кутаётган эди.

Азизанинг айтишича, дастлаб ўгай онаси унга яхши муносабатда бўлган. Бироқ кўп ўтмай муносабат ўзгарган. У ўгай онаси томонидан калтакланганини, отаси ҳам унга қўл кўтарганини айтади.

«Ўгай онам мени супурги билан урарди, лопатканинг дастаси билан урарди. Иш қилсам ҳам қилмади деб дадамга урдирарди. Охири уйдан қочадиган одат чиқардим».

Унинг сўзларига кўра, баъзан уйда овқат ҳам берилмаган. Қорнини тўйдириш учун маҳалладаги савдо қилувчи аёлга ёрдамлашиб, эвазига бир коса овқат ва нон олган кунлари бўлган.

Орадан йиллар ўтди. Азиза улғайди, оила қурди, фарзандли бўлди. Лекин болаликдаги ўша қарор ҳамон юрагини тирнайди.

Турмуш ўртоғини сақлаб қолиш учун ҳар қандай ишга тайёр эди