Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойда юзлаб роботлар учта тарихий бинони кўчирди
Шанхайда ерости мажмуасини қуриш бўйича лойиҳа доирасида учта тарихий бино вақтинча бошқа жойга кўчирилди. Ишлар якунлангач, улар яна ўз жойига қайтарилади.
Хитойнинг Шанхай шаҳрида тарихий архитектура мажмуаси роботлар ёрдамида бошқа жойга вақтинча кўчирилди. Бу ҳақда Хитойнинг «Жэнмин Жибао» нашрига таяниб, Hi-tech mail хабар берди.
Ғайриоддий лойиҳа XIX аср иккинчи ярмида шикумен услубида қурилган биноларни кўчириш бўйича мамлакат тарихидаги энг йирик тадбир бўлди. Ушбу бинолар икки ёки уч қаватли бўлиб, каркаси ёғочдан ясалган, деворлари эса ғишт билан қопланган.
Расмийлар 1920-1930 йилларда қурилган «Ҳуаянли» мажмуасини кўчиришга мажбур бўлди. Бу тахминан 7500 тонна оғирликдаги учта бинодан иборат блок бўлиб, умумий майдони 4030 квадрат метрдан ошади. Шанхайда ерости мажмуасини қуриш учун биноларни вақтинча кўчиришга, кейинчалик яна жойига қайтаришга қарор қилишди.
Мутахассислар биноларни кўчиришда 432 роботдан фойдаланди. Турар-жой мажмуаси объектларни кунига тахминан 10 метр тезликда ҳаракатга келтирадиган кўтаргичли қурилмаларга жойлаштирилди. Ишлар 19 майда бошланган бўлиб, 7 июнь куни тўлиқ якунланади – шу куни бинолар ўз жойига қайтади. Мутахассисларнинг қайд этишича, улар роботларнинг ҳолати ва бутун жараённи реал вақт режимида кузатиб боришган. Кўчириш пайтида бинолар бузилмаслиги учун юклама бир текис қилинган.
Тарихий квартал остида дам олиш ва кўнгилочар маскани пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда. У ерда премиум меҳмонхоналар, санъат маркази ва концерт майдони қурилади. Бундан ташқари, ер остида метро линиялари ўртасида ҳаракатланиш учун ўтиш жойи пайдо бўлади. Ерости маконининг умумий майдони 53 минг квадрат метрни ташкил қилади.
Мавзуга оид
20:41
Хитойнинг йирик нефть-газ компанияси топ-менежери пора учун ўлимга ҳукм қилинди
17:47
Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари ва молия институтлари делегацияси билан учрашди
09:56 / 16.06.2026
Хитой электромобиллар учун янги қаттиқ хавфсизлик талабларини жорий этмоқда
12:18 / 15.06.2026