Muxlis.uz сайтига йўлланган саволлардан бирида пластик картадан пулни нақдлаштиришда фоиз олиниши ҳақида савол берилди: “Пластик картага савдо қилаётиб ёхуд пластик картадаги маблағни нақдлаштиришда маълум миқдорда фоиз олиб қолса бўладими. Бунинг ҳукми қандай?”.

Бу саволга қуйидаги тартибда жавоб берилди.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу саволга жавоб беришдан олдин муҳим бир нарса ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. У ҳам бўлса рибо масаласидир. Рибо бу судхўрлик дегани. Маълумки, инсонларда иккита заиф ва нозик нуқта бор. Бири молиявий муносабатлар бўлса, иккинчиси аёллар билан бўлган муносабатлар. Шу боис ҳам мазкур икки нарса хусусида Китобу Суннатда кўп ва хўп ўгит ва огоҳлантиришлар келган. Шариат илмига оид китобларимизга назар солсак, касбу кор ва пул топишга оид кўплаб ҳукмлар баён қилинганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу ҳам бўлса пул топиш, мол дунё орттириш каби ризққа оид масалаларнинг динимизда нечоғли муҳим ўрин тутганлигидан дарак беради. Инсон топаётган пулини қаердан келиб, қаерга сарфлаётганига жиддий аҳамият бермоғи лозим.

Зеро, инсоннинг ризқи ҳалолдан бўлса, кўнгли хотиржам, дуоси тез ижобат қилинадиган бўлади. Кимнинг дуоси мустажоб экан, дунёда ундан кучли инсон бўлмайди. Набий алайҳиссалом Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуга ”Эй Саъд, ҳалқумингни покла, дуоси ижобат қилинадиганлардан бўласан!”, деган эканлар (Имом Табароний ривояти). Боз устига топаётган ризқининг ҳалолдан бўлишига эътибор бермасдан аралаш - қуралаш, ҳаром - ҳариш еб - ичиш, одамларни алдаб ёки зулм қилиб пул топиш дунёю охиратда ёмон оқибатларга сабаб бўлади. Болалар тарбияси бузилади. Уларнинг яхшиликка бўйин эгиши, мўмин-қобил бўлиб вояга етиши қийинлашиб қолади. Чунки ҳаром луқма кишининг табиати ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Охиратда ҳисоб-китоби эса ҳаммасидан оғир бўлади. Шу боис Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳалол-покиза нарсалардан ризқланишга тарғиб этилар экан, айни чоғда ҳаром йўллар билан касб қилишдан қаттиқ қайтарилади. Рибо - судхўрлик эса ҳаром қилинган касбларнинг энг аввалида туради.

Шариатимизда умумий маънода рибонинг икки хил тури ҳақида сўз боради. Бири насия рибоси, иккинчиси фазл (ортиқлик) рибоси деб аталади. Насия рибоси маълум муддатга қарз бериб, уни қайтариб олаётганда берилган қарздан ортиқроқ миқдорда пул олишда намоён бўлади. Замонавий ва халқона ибора билан айтганда бу процентга пул бериш деб аталади. Фазл (ортиқлик) рибоси эса иккита бир жинсдаги нарса айирбошланаётганда тенг равишда айирбош қилинмаслигида кузатилади. Бунга мисол тариқасида иккита тилло ёки иккита кумуш ёхуд бирор валюта бир-бири билан айирбошланаётганда 100 грамм тиллани 110 грамм тиллага алмаштириш ёки 100 000 сўмни 90 000 сўмга алмаштириш каби ҳолатларни олиш мумкин. Агар шундай қилинса, бу шубҳасиз рибо бўлади ва уни қилганлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.