АҚШ президенти Дональд Трамп жума куни мамлакат томонидан 120 кунга қочқинларни қабул қилишни тўхтатиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Унда Суриядан бўлган қочқинларни жойлаштириш номаълум муддатга қолдирилди ҳамда АҚШга кириш тартибининг бир қатор бандлари кучайтирилди.
"Бу мамлакатнинг хорижий террорчилар келишидан ҳимояси", - дея маълум қилди Трамп.
Фармонга кўра, АҚШ жорий молия йилида (30 сентябрь куни якунланади) 50 минг қочқинни қабул қилади.
Давлат департаменти маълумотларига кўра, АҚШ молиявий йил бошланган 2016 йилнинг октябридан бошлаб 30 мингга яқин қочқинни қабул қилиб олган. Шу тариқа, мамлакат йилнинг қолган даврида 20 мингдан ортиқ қочқинни қабул қилмайди.
Шу билан бир қаторда, Трамп фармонида штат ва округлар қочқинларни қаерда жойлаштириш масаласини мустақил равишда қабул қилишлари белгиланди.
Бундан ташқари, Трамп Суриядан қочқинларни қабул қилишни номаълум муддатга тақиқлади. АҚШ ўтган молиявий йилда Суриядан 12,5 минг қочқинни қабул қилганди. Бу эса бошқа мамлакатларга қараганда анча кам дегани.
Фармонда “диний озчиликни” ташкил қилувчи инсонларга кўпроқ эътибор қаратилиши ҳам айтилган. Улар маълум бир ҳолатларда АҚШ халқаро мажбуриятларига мос тарзда қабул қилинади. Трамп жума куни суриялик насронийларга ёрдам беришга қарор қилганини маълум қилди.
Энг қизиғи, Трамп Суриядаги “хавфсиз ҳудудлар” ҳақида ҳеч нарса демаган. У бу ҳақда жорий ҳафтада бир неча бор баёнотлар берганди.
Трамп шунингдек номуҳожирлик визаларини олишда мажбурий суҳбатдан ўтиш ва АҚШга кириб келаётганлар устидан биометрик назорат тизимини жорий қилиш вазифасини юклади.
Хусусан, давлат департаменти баъзи давлат фуқароларига бир қатор вазиятларда АҚШ консуллик идорасидаги виза олишдан аввал суҳбатдан ўтмасликка имкон берувчи дастурни зудлик билан бекор қилиш ҳақида топшириқ олган.
Ички хавфсизлик вазирлигига эса АҚШ чегарасини кесиб ўтаётган барча кишиларнинг қаерга боришларини назорат қилувчи биометрик тизимни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек АҚШ ҳукумати бошқа мамлакатлардан батафсил маълумотни талаб қилади. Бу мамлакат ҳудудига кирмоқчи бўлган инсонларни яхшироқ ўрганишда қўл келади. Матнда Вашингтон хорижий ҳукуматлардан бундай маълумотни қай тарзда олишига аниқлик киритилмаган.








