Жорий йилнинг февраль ойида Kun.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Ўзбекистон бўйлаб ўз сафарини бошлади. Дастлабки манзил Андижон вилояти бўлди. Ижодий жамоа у ерда бўлар экан, мустақилликдан сўнг ўз қиёфасини бутунлай ўзгартирган, замонавий кўриниш олган Андижоннинг спорти билан яқиндан танишди, одамлари билан дилдан суҳбат қурди.

Андижон спорти

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, Андижон деганда инсон кўз ўнгида спорт, тўғрироғи бокс гавдаланади. Муболағасиз айтса бўладики, бу бежизга эмас, чунки халқаро турнирлардан тортиб, то Олимпия чўққиларини забт этган забардаст спортчиларгача айнан мана шу заминда туғилиб, вояга етишган.

Дарҳақиқат, довруғи дунёга достон бўлган олимпия, жаҳон ва қитъа чемпионларини тарбиялаган Андижон олимпия заҳиралари коллежини том маънода – “Чемпионлар фабрикаси” деб аташ мумкин. Бокс бўйича илк бор Олимпия олтин медалини қўлга киритган ўзбек ўғлони Муҳаммадқодир Абдуллаев, оғир вазнда ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпиони, WBA профессионал йўналиши олтин камар соврини соҳиби Руслан Чагаев, Афинада бўлиб ўтган олимпия ўйинлари бронза медали совриндорлари Баҳодир Султонов ва Ўткирбек Ҳайдаровлар, Рио олимпия ўйинлари қаҳрамони Ҳасанбой Дўстматов, паралимпия чемпионлари Фирдавс Мусабеков, Музаффар Турсунхўжаев... Эҳ-ҳе, бу даргоҳдан етишиб чиққан чемпионларни санаб адоғига етиш қийин.   

Спортнинг жуда кўп турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоалари таркибини АОЗК талабалари ташкил этади. Бу ютуқлар замирида мураббий ва устозларнинг машаққатли меҳнатининг ўрни беқиёс. Чунки, муассасада жуда тажрибали мураббийлар жам бўлган.           

- Коллежимиз 2003 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ташабуси ва раҳнамолигида бунёд этилган,- дейди муассаса директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Алишер Абдуллаев.  - Коллежимизда айни вақтда 600 нафар ўқувчи бўлиб, улардан умумтаълим бўғинида 300 нафари таълим тарбия олади. Спортнинг 29 тури бўйича эса мунтазам машғулотлар олиб борилади.      

Билим даргоҳида 48х108 ҳажмдаги универсал спорт манежи, 1 та ёпиқ ва яна бир очиқ сув ҳавзаси, бир нечта очиқ майдонча ҳамда 18000 ўринли барча талабларга жавоб берадиган “Соғлом авлод” ўйингоҳи мавжуд.

Универсал спорт аренаси ва сузиш ҳавзасида бўлиб, ёш спорчиларнинг чин юракдан ўзгача ғайрат-шижоат билан устозлар кўмагида спорт ҳадисларини ўрганаётганига гувоҳ бўлдик.