Осиё ўйинларининг тўққизинчи кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари 11 та спорт турида мусобақаларда қатнашди.
Кун давомида 2 та олтин ва иккита бронза медал қўлга киритилди – шундан учтаси курашдан.
Кураш
Бугунги баҳсларда Ўзбекистон кураш жамоасининг 3 нафар вакили гиламга чиқди ва барчаси совриндор бўлди.
Кураш бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Шоҳиста Назарова Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди. -78 кг вазн тоифасида қатнашган спортчи ўз иштирокини чоракфиналда туркманистонлик Нурана Ҳезретовани мағлуб этишдан бошлаганди (3:0). Аммо ярим финал баҳсида у ўзбекистонлик бошқа бир курашчи Покизахон Камолиддиновага қарши гиламга чиқишига тўғри келди ва мағлубиятга учради (0:5).

Ўз навбатида, Покизахон Камолиддинова финалда Жанубий Корея вакили Сумин Модан устун келди (10:0) ва Осиё ўйинлари олтин медалига эга чиқди. У финал сари йўлида Назаровадан ташқари қирғизистонлик Азҳар Исаева (10:0) ва туркманистонлик Сабина Қодирова (10:0) каби рақибларни ҳам таслим этганди.

Шунингдек, эркаклар ўртасида -81 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Аҳрор Зиёдуллаев ҳам ғолиблик нашидасини сурди. У чорак финалда афғонистонлик Забиҳуллоҳ Эҳсоний (10:0), яримфиналда қозоғистонлик Адилет Ахметгали (10:0) устидан ғалаба қозонди, олтин учун кечган баҳсда эса эронлик Рамин Аҳмадзодадан устун келди (3:0).

Ўзбекистон кураш жамоаси Осиё ўйинларидаги медаллари сонини 6 тага етказди: бир кун олдинги баҳсларда ҳам иккита олтин ва битта бронза қўлга киритилганди.
Бокс
Бугунги баҳсларда Ўзбекистон бокс жамоасининг беш нафари рингга чиқди ва шундан тўрт нафари ўз иштирокини давом эттирди.



















