Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида янги қурилаётган объектлар, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳаларини кўздан кечирмоқда. 

Давлат раҳбари Қарши туманида енгил саноатни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳалар билан танишди. 

Президентга кўрсатилган биринчи лойиҳа – 2017-2019 йилларда вилоятда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур бўлиб, унда 17 корхона ташкил этиш режалаштирилган. 

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда қатор тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган дастур доирасида 3000 га яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда вилоятда 7 тўқимачилик корхонаси фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар ҳудудда етиштирилаётган пахта толасининг 10 фоизини қайта ишлаш қувватига эга. 

Шавкат Мирзиёев тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон – Хитой–Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Қашқадарё вилояти мамлакатимизда пахта толасини етиштириш бўйича етакчи ўринни эгаллаши, бу имкониятдан унумли фойдаланиш, етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқариш катта самара беришини алоҳида қайд этди. 

Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имкониятини яратади. 

Йилига 22 минг тонна рақобатбардош аралаш ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш режалаштирилаётган корхона маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади. 

Президентимиз шу ернинг ўзида Яккабоғ туманидаги собиқ “Яккабоғ текс” корхонаси негизида барпо этилаётган “Universal Taraqqiyot Tekstil” қўшма корхонасига қўшимча инвестиция киритиш лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Корхонада вилоятда етиштирилган пахта толаси қайта ишланиб, мато ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. 400 иш ўрни яратилиши кўзда тутилаётган корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 6 миллион квадрат метр мато, 2 миллион жуфт ётоқ чойшаблари тайёрланади.