«Ўзтрансгаз»: газ таъминотида узилишлар бўлмайди
Ўзбекистонда аҳолига табиий газ етказиб беришни барқарорлаштириш бўйича кенг миқёсли чоралар кўрилмоқда. "Ўзтрансгаз" компанияси вакиллари матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилишди, деб хабар қилмоқда Спутник агентлиги.
Хусусан, бугунги кунга келиб газ таъминотида узилишларга йўл қўймаслик учун 68,6 км газ қувури капитал таъмирдан чиқарилган, 171,9 км газ коммуникациялари реконструкция қилинган. Бундан ташқари, 7,2 минг километрлик газ қувурининг зичлиги ўрганилган ва ҳаво бериб кўрилган. 5,6 минг километрлик ерости қувурларининг ҳолати ўрганилган. 70,5 минг газ тақсимлаш пунктлари текшириб кўрилган.
"Газ тармоқларига уланмаган аҳоли пунктларига суюлтирилган газни етказиб бериш бўйича алоҳида ишлар бажарилмоқда. Бу борада 2,5 млн хонадонга табиий газ шу тарзда етказиб берилади. Бунда 60дан ортиқ газ тўлдирувчи станциялар ва пунктлар аҳолига хизмат кўрсатади. 200дан ортиқ сервис хизматлари газ баллонларини тарқатиш билан шуғулланади. Шунингдек, суюлтирилган газни манзилга етказишда 237та цистерна-вагонлар ва 90га яқин автоцистерналардан фойдаланилади", — деган "Ўзтрансгаз" вакили.
Соҳа ишчиларининг маълум қилишича, ўтган йили республика бўйлаб қўшимча равишда 20та газ тўлдирувчи пункт фойдаланишга топширилган. Аҳолига 528 мингга яқин газ баллонлари етказиб берилган. Шу билан бирга, MAN маркали иккита пропан ташувчи ва 32 дона махсус Isuzu автомашиналари харид қилинган.
Газ таъминотидаги яна бир янгилик сифатида шуни айтиш мумкинки, мамлакатда фойдаланилган газ учун тўловни йиғиш билан хусусий операторлар шуғулланади. Бу борадаги таклиф ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда Ўзбекистонда аҳолининг табиий газдан фойдаланганлик учун дебиторлик қарзи жуда катта маблағни ташкил этади. Бу муаммонинг пайдо бўлишида ҳам истеъмолчи ва етказиб берувчи айбдор. Баъзан истеъмолчи тўлаган пулларни "Ўзтрансгаз"нинг пул йиғувчилари ўзлаштирган бўлса, баъзи ҳолларда айрим истеъмолчилар фойдаланилган газ учун ҳақни тўламаслик учун соҳадаги таъмагирларнинг "беминнат хизмати"дан фойдаланишади. Айрим ҳолларда, истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам мажбуриятларига эътиборсизлик билан ёндашишади.
Мавзуга оид
16:58 / 24.01.2024
“Ўзтрансгаз” АЖ 2023 йилдаги фаолияти якунларини эълон қилди
11:00 / 10.12.2023
Электр ва иссиқлик таъминоти учун масъул бўлган икки муҳим объектга табиий газ етказиб бериш имкониятлари яхшиланди
15:00 / 29.09.2023
"Ўзтрансгаз" АЖ янги газ ўлчов станциясини қуриб битказди
16:29 / 18.09.2023