Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 444-сон қарори билан Жаҳон банки иштирокида «Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш механизмини яратиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди.

Қарорга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ўртасида қиймати 10,6 млн АҚШ долларига тенг грант битими имзоланган.

Лойиҳадан асосий мақсад газ инфратузилмасидаги йўқотишларни камайтириш, метан чиқиндиларини қисқартириш, иқлим ўзгаришига қарши чораларни кучайтириш ва газ тежалиши натижасида шаклланадиган маблағларни соҳага қайта инвестиция қилишдан иборат.

Ҳужжатда келтирилишича, Жаҳон банки кўмагида газ сизиб чиқиши ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида республика ҳудудидаги «Ўзтрансгаз» объектларининг 1 000 дан ортиқ нуқтасида 35 млн куб метргача ҳажмда газ сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланган.

Лойиҳа 2026–2028 йиллар давомида амалга оширилади. Унинг доирасида «Ўзтрансгаз» тизимидаги объектларда газ сизиб чиқиши ҳолатлари босқичма-босқич аниқланади ва бартараф этилади.

Қарорга илова қилинган молиялаштириш жадвалига кўра, грант маблағларининг асосий қисми — 9,6 млн доллари газ инфратузилмасида мавжуд газ йўқотишлари ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларга йўналтирилади.

Яна 500 минг доллар газ сизиб чиқиш ҳолатлари ва метан эмиссияларини камайтириш мониторинги ҳамда ҳисоботини юритиш бўйича институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга, қолган 500 минг доллар эса лойиҳани амалга ошириш гуруҳи фаолияти, хорижий экспертларни жалб қилиш ва лойиҳани қўллаб-қувватлашга ажратилади.

Лойиҳа доирасида газ сизиб чиқишларини бартараф этиш натижасида иқтисод қилинган метан гази ҳажми мустақил верификациядан ўтказилади. Шу асосда шаклланган маблағлар махсус эскроу ҳисобварағида жамланиб, газ тизимидаги самарали лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Молиявий механизм орқали газ сизиб чиқишларини аниқлаш ва бартараф этиш, ўлчаш, мониторинг, ҳисобот ва верификация тизимларини жорий этиш, газ инфратузилмасини модернизация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, экологик ва хавфсизлик стандартларини таъминлаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш назарда тутилган.

Қарорда яна бир муҳим шарт белгиланган: лойиҳа натижасида камайтирилган ва мустақил верификация асосида тасдиқланган табиий газ ҳажмлари камида икки йил давомида ички бозор эҳтиёжлари учун қўлланади. Бу даврда ушбу газ учун тариф тўловларини камайтирмаслик ҳисобидан молиявий механизмнинг барқарор ишлаши таъминланади.

Лойиҳани мувофиқлаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ ҳам ташкил этилади.