Фан-техника | 14:53 / 02.03.2017
10928
2 дақиқада ўқилади

Энг яхши автомобиллар рўйхатида немис маркалари етакчи

Volkswagen AG’га тегишли бўлган Audi бошчилигидаги немис автомобиль ишлаб чиқарувчилари Consumer Reports журнали томонидан эълон қилинган рейтингнинг юқори ўринларидан жой олишди. 

Америка журналининг бўлинмасига раҳбарлик қилувчи Жейк Фишернинг маълум қилишича, немис автомобиль ишлаб чиқарувчилари катта ишончлилик туфайли ўз позицияларини мустаҳкамлашган.

"Бир ёки иккита яхши автомобилни яратиш мумкин, бироқ ажойиб машиналарнинг тўлақонли модел қаторини яратиш анча мушкул", - деди у.

Рейтингда иккинчи ва учинчи ўринларни Volkswagen бўлинмаси Porsche ҳамда унинг рақобатчиси BMW AG қўлга киритишди. General Motors Co Buick бренди 10-поғонани эгаллаб, Америка автомобиллари орасида энг баланд натижани қайд этди. Ford Motor Co бренди эса 16-ўриндан 21-поғонага тушиб кетди.

GM Chevrolet бренди 17-ўринга, Cadillac эса 24-поғонадан 18-ўринга кўтарилиб олди.

Toyota Motor Corp бренди эса сўнгги йилларда илк бора рўйхатнинг биринчи ўнлигидан чиқиб кетди ҳамда 11-ўринни эгаллади.

Tesla Inc саккизинчи ўринда қайд этилди. Сўнгги ўринни эса яна Fiat қўлга киритган бўлса, Jeep ундан бир поғона юқори ўринни эгаллади. Consumers Report истеъмолчиларнинг фикр-муносабатига асосланган ҳолда турли товар ва хизматларни ўрганиш натижаларини чоп этувчи Американинг нуфузли журналидир. 

 

Мавзуга оид