Volkswagen ва Audi компаниялари рул механизмидаги бирикма билан боғлиқ эҳтимолий муаммо сабабли дунё бўйлаб 2,1 миллиондан ортиқ автомобилни чақириб олмоқда. Бу ҳақда Умумгермания автомобил клуби (ADAC) хабар қилди.
Гап 2017 йил 31 октябрдан 2024 йил 23 майгача (Audi) ва 2013 йил 24 сентябрдан 2024 йил 1 июлгача ишлаб чиқарилган (Volkswagen) Audi Q3, Volkswagen Golf, Golf Variant, Tiguan, Touran ва Caddy моделлари ҳақида бормоқда.
Ишлаб чиқарувчининг изоҳлашича, айрим ҳолатларда коррозия сабабли рул механизмидаги бирикма болти емирилиши мумкин.
Чақириб олиш кампаниясига тушган автомобиллар эгалари автосервисга мурожаат қилиши керак. У ерда болт коррозияга чидамлироқ болтга алмаштирилади.
Сентябр ойида Volkswagen АҚШда 208,7 мингдан ортиқ 2018 йилда ишлаб чиқарилган Tiguan, 2018–2019 йилларда ишлаб чиқарилган Atlas ва 2019–2021 йилларда ишлаб чиқарилган Audi Q3 моделларини қайтариб олишини маълум қилган эди. Компания бунга рул болтининг муддатидан олдин коррозияга учраши ва синиши хавфини сабаб қилиб кўрсатган.

















