Audi компанияси А2 номини қайта жонлантирди – бу сафар хетчбек унсурларига эга ихчам электр кроссовери кўринишида. Янги модел ўзидан олдинги автомобилнинг ўзига хос жиҳатларини – бурчаксимон кузов ва икки қисмли орқа ойнани сақлаб қолган.
Audi А2 модели 2000 йилдан 2007 йилгача ишлаб чиқарилган. Бу кам қувватли бензин ва дизел двигателлари (ҳажми 1,2 дан 1,4 литргача) ҳамда фақат олд ғилдираклари тортадиган хетчбек эди.

Audi компанияси А2 e–tron бренд тарихидаги энг самарали серияли автомобил эканини таъкидламоқда. Оптимал комплектацияда энергия сарфи 100 км учун 12,8 кВт⋅соатни ташкил этади, максимал юриш масофаси эса WLTP цикли бўйича 645 км га етади.
Муҳандислар бунга фақат улкан батарея ўрнатиш орқалигина эришмади. Автомобилнинг аэродинамик қаршилик коэффициенти – 0,24. Бундай кўрсаткичга ёпиқ туб, ҳаво олгичнинг фаол тўсиғи, аэродинамик ғилдирак дисклари ва ғилдирак аркаларидаги турбулентликни сўндирувчи унсурлар ёрдамида эришилган.
Ҳатто эшик тутқичлари ҳам самарадорлик учун курашга ҳисса қўшади. Булар устунлар асосидаги бурилувчи механизмлар бўлиб, улар енгил тортилганда эшикни механик тортқисиз, электр узатма ёрдамида очади. Audi электр тизими ишдан чиққан ҳолатлар учун захира энергия манбаига эга.

А2 e–tron фақат орқа ғилдираклар ёрдамида ҳаракатланади, ҳеч қандай Quattro тизими йўқ. Уч хил батарея ва тўрт хил қувват даражаси мавжуд:
- 52 кВт⋅соат, 168 от кучи – 100 км/соат тезликка 8,8 сонияда эришади, юриш масофаси – 422 км;
- 61 кВт⋅соат, 187 от кучи – юзликка 7,9 сонияда чиқади, юриш масофаси – 515 км;
- 84 кВт⋅соат, 228 от кучи – 7 сония, 645 км;
- 84 кВт⋅соат, 322 от кучи – 5,7 сония, 629 км, максимал тезлик – 200 км/соат (қолганлариники 160 км/соат билан чекланган).
Катта батареяли автомобилларда ўзгармас ток билан тезкор қувватлаш функцияси қўллаб-қувватланади – қуввати 183 кВт гача бўлиб, 10% дан 80% гача 29 дақиқада тўлади. Кичикроқ батареялар қуввати 100 кВт билан чекланган, бироқ сиғими камлиги туфайли 24 дақиқада тўлади.

















