Жамият | 17:25 / 03.03.2017
30912
3 дақиқада ўқилади

Фото: Андижонда 1,5 ёшга тўлмаган қизчасини Қирғизистонга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

27 февраль куни тахминан соат 10:30да Андижон вилояти божхона бошқармаси «Контрабандага қарши курашиш бўлими» ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга асосан Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани, Янги боғ маҳалласи ҳудудида «Одам савдосига қарши курашиш» йўналиши бўйича тезкор тадбир олиб борилди. Тезкор тадбирга «махсус харидор» сифатида Н. исмли шахс жалб этилган. Бу ҳақда «Кун.uz»га Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Фарход Каримов хабар берди.

Ушбу ҳолат бўйича Қоракўз исмли қизалоқ онасидан олиниб, холислар иштирокида вилоят меҳрибонлик уйига белгиланган тартибда топширилган. Тадбир давомида аниқланишича, Ўзбекистон республикаси фуқароси бўлган, Булоқбоши туманида яшовчи Гулчирой Барноева (исмлар ўзгартирилган) 2017 йилнинг 26 февраль куни «махсус харидор» билан кўришиб, унга ўзининг 2015 йил 19 октябрда туғилган Қоракўз исмли қизини 20 миллион сўмга сотмоқчи эканлигини айтган. Бироқ, «харидор» ўзида бунча маблағ йўқлиги учун келишилган пулнинг ярмини танишларидан 27 февраль кунигача йиғиб беришини, қизалоқнинг ҳужжатлари тайёр бўлгач эса қолган суммани беришини айтади. Барноева рози бўлиб, қизининг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат йўқлигини маълум қилган. Суҳбат орасида харидор қизалоқни қўшни Қирғизистон Республикасидаги яқин қариндошлари олдига олиб чиқиб кетишини ва қўшни давлатда болаларга ҳужжат тайёрлаш ишлари енгил эканлигини айтиб, болани ўша ердаги қариндошлари учун сотиб олаётганини билдиради. Барноева шунда ҳам мурғак фарзандини сотишдан қайтмайди. Икки томоннинг узоқ музокараларидан сўнг болага 18 миллион сўм нарх белгиланади.

«Муштипар она» келишилган пулларни санаб олганидан сўнг тезкор ходимлар томонидан жиноят устида қўлга олинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан 2017 йил 27 февраль куни Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан фуқаро Барноевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси  3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид