Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябр куни Андижон вилоятига ташрифи давомида Балиқчи туманидаги «Сокин савдо сервис» паррандачилик кластери фаолияти билан танишди.

Кластерга 2010 йилда асос солинган. Бугунги кунда унинг Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та хўжалиги мавжуд. Тошкент вилоятидаги корхонада эса паррандалар учун озуқа ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади. Кластерда 417 нафар киши меҳнат қилмоқда. Мажмуада 1,5 миллион бош бройлер товуғи парваришланмоқда. Йилига 8,2 миллион дона бройлер боқиш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш имконияти мавжуд. Мажмуада йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш қувватлари яратилган. 2027 йил якунига қадар парранда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган рендеринг линияси ишга туширилади ҳамда парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Ушбу икки лойиҳага 10 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги «Chinobod real biznes» корхонасининг балиқ етиштириш лойиҳаси билан танишди.
Корхона водийдаги балиқчилик хўжаликларининг форел чавоғига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада 30 та иш ўрни яратилган. Икки гектар майдондаги замонавий мажмуада йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 50 миллиард сўмни ташкил этади. Интенсив технологиялар қўлланилиши натижасида икки гектар майдонда анъанавий усулдаги 100 гектарлик ҳавзалар билан тенг ҳажмда маҳсулот етиштириш имконияти яратилган. Мажмуада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳам йўлга қўйилган. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда «Балиқчилик ва паррандачилик амалиёт маркази» ташкил этилган. Бу ерда талабалар назарий билимларини ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаб, амалий кўникма орттирмоқда.




















