Туркия суриялик учувчига оиласи билан учрашишга рухсат берди
Туркия ҳукумати мамлакатнинг жанубидаги Хатай вилоятида қулаб тушган Сурия ҲҲК самолётининг учувчисига оиласи билан кўришишга рухсат берди. Бу ҳақда Туркия бош вазири Биноли Йилдирим маълум қилган.
Туркия нашрларида ёзилишича, учувчи ҳалокат ҳудудида жароҳатланган ҳолда топилгач, аввал жандармерияга, кейин Хатай вилояти шифохонасига олиб борилган.
"Агар суриялик учувчининг оиласи уни кўришни истаса, биз уларга шундай имконни тақдим этамиз. Гуманизм — бизнинг қадриятимиз", — деган Йилдирим AHaber телеканали эфирида.
4 март куни Сурия ҲҲК самолёти мамлакат шимолидаги жангариларга қарши ҳарбий амалиёт ўтказаётган вақтда уриб туширилди. Самолёт чегара ҳудудида ҳаракатлангани туфайли қўшни давлат ҳудудига қулади. Учувчи катапульта қилиниб, омон қолган.
У Сурия армияси зобити 56 ёшли Маҳмуд Суфхон эканлиги айтилмоқда. Катапультани амалга ошириш жараёнида ва ерга қўнишда унинг умуртқаси, оёқлари шикастланган, юзидан жароҳат олган.
Сурия шимолидаги "Аҳрор аш-Шом" гуруҳи сурияликларнинг МиГ-21 русумли самолётини уриб туширганини маълум қилди.