Ўзбекистонда фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегараси 3 миллиондан 6 миллион сўмга оширилади. Бу ҳақда 30 сентябр куни Шавкат Мирзиёевнинг устоз ва мураббийлар билан учрашувида маълум қилди.
Давлат раҳбари бу оилаларга йилига 6-7 миллион сўм тежаш имконини беришини қайд этган.
Солиқ идоралари тўловларни ҳар ой якунида автоматик қайтариш тизимини йўлга қўяди.
Йиғилишда қайд этилишича, 2026 йил 1-синфга 800 минг бола қабул қилинди. Бу ўтган йилгига нисбатан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб уларнинг сони 1 миллионга етиши кутилмоқда. Ҳар йили инвестиция дастурлари ҳисобидан 180−200 минг ўқувчи ўрни яратилмоқда.
Президент ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очишни қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий механизмларини эълон қилди.
Ушбу ҳудудларда мактаб ташкил этиш учун 7 йиллик 10 фоизли имтиёзли кредит, очиш ва жиҳозлаш харажатининг 15 фоизигача, кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия берилади. Биносини мактабга ижарага берганлар ер ва мулк солиғидан имтиёз олади.
Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатининг ярми қопланади.















