Трамп 6 октябр куни журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Путин билан яқин вақт ичида суҳбатлашишини айтди. Ундан Иркутскдаги воқеани Россия президенти билан муҳокама қилган-қилмагани сўралганда, телефон мулоқоти белгиланганини билдирган.

Воқеа Иркутск ўлатга қарши илмий-тадқиқот институтининг 28 ёшли лаборанти Даря Шипилова ўлими билан боғлиқ. У 2 октябрга ўтар кечаси Иркутск вилоятидаги Шелехов туман касалхонасида вафот этган.

Роспотребнадзор марҳумада сабаби аниқланмаган пневмония — ўпка яллиғланиши ташхиси қўйилганини билдирган. Унинг ўлатдан вафот этгани расман тасдиқланмаган.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус 7 октябрга ўтар кечаси X ижтимоий тармоғида ташкилот Россия соғлиқни сақлаш идоралари билан алоқада экани ва техник ёрдам таклиф қилганини маълум қилди.

Унинг ёзишича, Россия томони ЖССТ сўровига жавобан сўнгги вақтларда Иркутск вилоятида бирорта ҳам ўлат ҳолати қайд этилмаганини билдирган.

Россия идоралари эпидемиологик суриштирув ўтказилгани, профилактика ва назорат чоралари кўрилгани ҳақида ҳам ахборот берган. Марҳума билан мулоқотда бўлгани аниқланган шахслар тиббий кузатувга олиниб, текширувдан ўтказилган.

Гебрейесуснинг сўзларига кўра, Россия томони ушбу шахсларда юқори хавфли инфекция қўзғатувчилари аниқланмаганини ва уларнинг барчаси устидан тиббий кузатув якунланганини маълум қилган.

Шу билан бирга, ЖССТ оғир пневмониянинг сабабини ва санитария чораларини кўришга асос бўлган қўзғатувчини аниқлаш учун қўшимча маълумот сўраган. Ташкилот яна бир ходимда сабаби номаълум пневмония аниқлангани ҳақидаги ОАВ хабарларини ҳам текширишни истамоқда.

Аввалроқ, 5 октябрда Трамп АҚШ Россиядаги вазиятни диққат билан кузатаётгани ва зарурат туғилса, ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди.

Ўлат ҳақидаги гумонлар маҳаллий расмийларнинг баёнотларидан кейин ҳам тарқалган. Қўшни Бурятия раҳбари Алексей Циденов дастлаб Шипилованинг ўлимига ўлат сабаб бўлганини ёзган, кейин эса хабарини таҳрирлаб, «эҳтимол» сўзини қўшган.

Иркутск вилояти губернатори Игор Кобзев «ўта хавфли инфекция»га гумон борлигини билдирган, бироқ аниқ ташхисни айтмаган.