Жаҳон | 11:04 / 10.03.2017
15372
2 дақиқада ўқилади

Сеулда полиция билан тўқнашувлар бошланди, мухбирлар калтакланди (фото)

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида импичмент орқали лавозимидан четлатилган собиқ президент Пак Кин Хенинг тарафдорлари кўчаларга чиқишган. Киодо хабарига кўра, намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда, намойишчилардан бир қанчаси жароҳатлар билан шифохоналарга олиб кетилган.

Шаҳарда Конституцион суд импичментни маъқуллашидан олдин президент тарафдорлари ва қарши томон митинг уюштирганди. Суд қарори эълон қилингач, полиция икки митинг иштирокчилари ўртасида тўқнашув келиб чиқиши олдини олиш мақсадида тегишли чораларни қўллаган. Жараён телеканаллар эфирларида ёритиб борилмоқда.

NHK хабарига кўра, Пак Кин Хе тарафдорлари ОАВ вакилларига ташланган ва мухбирларни калтаклаб, камераларни синдирган. Полиция жабрланувчиларга ёрдам кўрсатган.

Пак Кин Хе Жанубий Корея демократик давлатга айланганидан буён импичмент орқали лавозимдан четлатилган илк президент бўлди. Бугун Корея Республикаси конституцион суди Парламент томонидан ўтган йилнинг 9 декабрида эълон қилинган импичментни маъқуллаб, президентни лавозимидан четлатди.

Мавзуга оид