29 март куни Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus смартфонлари расман тақдим этилди. Аммо, айтиш жоизки, бу телефон ҳақида унинг тақдимотидан аввал, барчаси маълум эди. Корея компаниясининг янги флагманига доир фотосуратлар, видеолар туфайли унинг техник тавсифлари, ташқи кўриниши ва нархига доир маълумотлар фош бўлиб улгурганди. 

Шунга қарамай, S8 жуфтлиги йилнинг асосий кутилган смартфонлари ҳисобланади. Тақдимотдан сўнг, уларга доир айрим маълумотларга аниқлик киритилди, баъзи янги хусусиятлари маълум бўлди. 

Демак, танишамиз, Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus смартфонлари!

Телефоннинг энг кўзга ташланган қисми ҳисобланувчи экранига янгича услубда ёндашилган. Унинг чегараси имкон қадар қисқартирилган. 

Galaxy S8 смартфони 18,5:9 нисбатдаги 5,8-дюймли экран билан келажак телефони бўлишга даъвогардир. У анча чўзиқ бўлиб, телефоннинг олд юзасини деярли тўлиқ эгаллайди. Албатта, 18:9 нисбатдаги LG G6 смартфони бирмунча олдин чиқди. Бироқ, Samsung чиройлироқ кўринади. LG телефонида ён ромчалари бўлиб, экрани силлиқ юзали бўлса, Samsung экранларининг четлари Galaxy S7 edge каби эгикдир. Шу билан бирга, иккала S8 смартфонларининг экранлари эгилган ҳолда ишлаб чиқарилган. Ясси экранли смартфонлар А-сериясида ишлаб чиқарилади. 

Шу билан бирга, янги смартфондан фойдаланиш бирмунча ноқулайдек. Смартфон ромлари бўлмагани сабабли интерфейсдаги иловаларга тегиб кетиш ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, битта бармоқ билан ишлатиш имконсиз. 5,8 дюймли Galaxy S8 ундан бирмунча кичикроқ S7га ўхшаш туюлади, аммо икки қўлдан фойдаланиш қулайроқдир. Шундай бўлса-да, телефон жуда самарали экани унинг бу каби камчилигига кўз юмишга асос бўла олади. 

Ишонасизми, энди сиз экран ўлчамини танлай оласиз!

 

Телефон матрицаси 1440х2960 нуқтали ўлчамга эга бўлса ҳам созлама орқали 2220х1080 ёки 1480х720 ўлчамдан истагангизни танлаш имкони мавжуд. Иловалар, графика элементлари шу ўлчамда акс этади. Бу эса, телефон батареяси қувватини тежашда қўл келади. Шу билан 3000 мА*с (S8 Plus телефонида 3500 мА*с) аккумулятор бир ярим икки кун ишлай олади. 

Full HD+ ўлчамида Super AMOLED-матрицаси бирмунча сезилади, шунга кўра, HD+ ўлчамидан фойдаланиш унчалик ҳам хуш ёқиши даргумон.