Ўзбекистон раҳбари Беларус етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар, Беларус халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Ўз навбатида, Беларус президенти Ўзбекистон етакчиси ва кўп миллатли халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан самимий қутлаб, бардавом тараққиёт ва фаровонлик тилади.
Жорий йил 8-9 июл кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Минск шаҳрига расмий ташрифида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Беларус стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Самарали мулоқот ва алмашинувлар, шу жумладан, икки мамлакат ҳудудлари даражасида амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 28 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Етакчилар бўлажак икки томонлама учрашув ва тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.





