Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Ўзбекистонда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:
1. Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш Дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
2. Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ишчи гуруҳ (А. Арипов):
Дастурда назарда тутилган тадбирларни “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда «Аждодларни хотиралаш – муқаддас қадрият» шиорлари остида юқори савияда ўтказишни ташкил этсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сифатли ўтказилишини таъминласин ва жойларга чиқиб, Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга амалий ёрдам кўрсатсин;
1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилсин ҳамда ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш ва кўнглини кўтариш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этсин;
ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш давомида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кўрсатган матонати, мардлик ва жасорати аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилсин;















