Президент 2026 йил 2 октябрда «Айрим давлат олий таълим муассасаларининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–358-сон қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги жами 17 та олий таълим муассасасининг идоравий бўйсунуви ўзгартирилди.

Ўзбекистон миллий педагогика университети эса Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети деб қайта номланди.

Бундан ташқари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг педагог кадрлар тайёрлаш соҳасидаги қатор вазифалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юклатилди.

Энди мазкур вазирлик ягона концептуал ёндашув асосида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш сиёсатини юритади ва педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Шунингдек, вазирлик зиммасига педагогик таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини жорий этиш вазифалари юклатилди.

Педагогика соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, педагог кадрлар тайёрлайдиган олийгоҳларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириб бориш ҳам унинг вазифалари қаторига киритилди.