Kun.uz билан Ню Йоркда суҳбатлашган Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасовга кўра, ташкилот шу қадар заиф бўлганида Бош Ассамблеяга ҳеч ким келмаган бўларди. Шунингдек, БМТдан бугун оламшумул натижалар кутиш ноўрин, чунки тузилма ҳукуматлардан тепада турмайди. Лапасов Ўзбекистон номидан резолюцияларга овоз беради, БМТда давлат номидан гапиради. Биз нейтралмиз, бу ҳам позиция, уруш эълон қилишаётганда бизни бохабар қилишмаган-ку, уёғига ҳам ҳеч нима кутишмасин, дейди дипломат.
БМТнинг йиллик Бош Ассамблеяси 29 сентябр куни ўз ниҳоясига етди. Жами аъзо мамлакатлардан 140 дан ортиқ президент ва ҳукумат раҳбарлари келган. Сўзга чиққанларнинг кўпчилиги БМТ ва унинг хавфсизлик кенгашидан норози бўлди, хусусан, Ўзбекистон вакили ҳам. Элчи Улуғбек Лапасовга кўра, Тошкент БМТни айбдор қилиб кўрсатишдан йироқ. Сабаби — Ўзбекистоннинг наздида БМТ шунчаки глобал майдон ва суверен мамлакатларни бирлаштириб, овозини йиғадиган тузилма.
Шу ўринда дипломат бош котиблардан бирининг «БМТ инсониятни жаннатга элтиш учун эмас, дўзахдан асраш учун тузилган» деган гапини эслади ва шу фикрга қўшилишини айтди.
Лапасовнинг айтишича, Саида Мирзиёева бошчилигидаги делегациянинг сафари анча сермаҳсул кечган.
«Бош котиб биринчилардан бўлиб Мирзиёевани қабул қилди, ўша икки кунда масалан, Гутерриш 80 дан ортиқ сиёсатчи билан кўришди. Бундан ташқари, биз бу ташрифда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳани бирлаштирдик. Демографик масалада катта тадбир ўтказдик. БМТдагилар администрация раҳбарини танийди, Ўзбекистонда нималар бўлаётганини билади», дейди элчи.
Мирзиёева БМТда нутқ сўзларкан давлатнинг позицияси ҳақида гапирди, Ўзбекистон инсоният томонида эканини айтди. Лекин бошқа сўзловчилар сингари бугунги куннинг давом этаётган урушларини тўхтатиш ҳақида гапирмади. Элчига кўра, маъновий нуқтаи назардан бу чақириқ бор. Лекин расмий Тошкентнинг позицияси — нейтрал. Биз ўзимиз томондамиз, дейди у.
«Биз позициясиз эмасмиз, БМТда позиция билдиришнинг бир неча хил усуллари бор. Умуман келмаслик мумкин, биз доим залда бўлганмиз. Уруш эълон қилаётганда бизга ҳеч ким қўнғироқ қилмаган-ку, биздан фикримизни олмаган-ку, нега энди биздан кўп нарса кутишлари керак? Биз позициясиз эмасмиз, биз Ўзбекистон томонидамиз. Мирзиёеванинг нутқида ҳам Ўзбекистон манфаати ётибди», дейди Лапасов.
Администрация раҳбари ўз нутқида давлатнинг бугунги сиёсати, қўшнилар билан алоқалар, Марказий Осиёда тинчлик, иқлим муаммолари, Афғонистон, ижтимоий сиёсат, сунъий интеллект ҳақида гапирди. Хўш, мавзулар кетма-кетлигини ким танлайди? Ўзбекистон вакиллари доим Афғонистонни олий минбарлардан туриб эслатади — тематика қандай яратилди?






